Пандемиядан кейинги иқтисодиёт: глобал инфляция ва янги иқтисодий моделлар
Маълумки, COVID-19 пандемияси сабаб жаҳон иқтисодиёти чуқур инқироз даврини бошдан кечирди. Соҳанинг ички механизмлари тубдан ўзгарди. Глобал иқтисодий тизим ҳамон аввалги ҳолатига қайтмаган. Аксинча, янги муаммолар юзага чиқиб, шу билан бирга муайян имкониятлар ҳам пайдо бўлмоқда. Инфляция кескин кучайиши, таъминот занжири узилиши, молиявий сиёсат ўзгариши жаҳон иқтисодиёти навбатдаги босқичга ўтганини кўрсатмоқда.
Сўнгги йилларда халқаро молиявий институтлар, иқтисодий таҳлил марказлари томонидан эълон қилинган ҳисоботларда пандемиядан кейинги иқтисодиёт “ўтиш даври” сифатида баҳоланмоқда. Бу даврда давлатлар инфляция босими, иқтисодий ўсиш суръати секинлашуви ва глобал бозордаги ноаниқлик орасидаги мувозанатни излаяпти. Мутахассислар таъкидлашича, бугунги инфляция фақат ички омиллар эмас, балки глобал жараён – энергия нархи, геосиёсий зиддият ва логистика муаммоси билан ҳам боғлиқ.
Ҳозир жаҳон иқтисодиётида кузатилаётган энг муҳим тенденциялардан бири талаб ва таклиф ўртасидаги номутаносибликдир. Локдаун даврида ишлаб чиқариш қисқарди, иқтисодиёт тиклангач эса талаб дарҳол ортди. Бу ҳолат маҳсулот ва хизмат нархи кўтарилишига олиб келди. Айниқса, энергия ресурси ва озиқ-овқат бозоридаги вазият инфляцияниянада кучайтирди.
Марказий банклар томонидан олиб борилган кенг кўламли рағбатлантирувчи сиёсат ҳам жараёнга таъсир кўрсатди. Пандемия даврида иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун мислсиз миқдордаги пул муомалага чиқарилди, фоиз ставкаси сезиларли пасайтирилди. Натижада иқтисодий фаоллик тикланган пайт инфляция босии кучайди. Бугунги кунда жуда кўп давлатлар айнан шу сиёсат оқибатини бартараф этишга ҳаракат қиляпти.
Геосиёсий омиллар ҳам пандемиядан кейинги инфляцияни чуқурлаштирди. Айрим минтақалардаги можаро, санкция ва савдо чеклови глобал бозор барқарорлигини издан чиқарди. Хусусан, энергия ва хом ашё бозоридаги ўзгарувчанлик ишлаб чиқариш харажатини оширди. Охир-оқибат истеъмолчи учун нарх кўтарилди. Шу нуқтаи назардан инфляцияни нафақат иқтисодий, балки геосиёсий феномен сифатида ҳам баҳолаш мумкин.
Айни пайт таъминот занжирини қайта шакллантириш жараёни ҳам жаҳон иқтисодиётида муҳим ўзгаришларни келтириб чиқармоқда. Пандемия даврида юзага келган узилиш давлатларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, яъни “reshoring” ва “nearshoring” стратегиясини қўллашга ундади. Бу эса глобаллашувнинг анъанавий моделига қайта назар ташлашни тақозо этмоқда. Бу жараённи айрим экспертлар “де-глобаллашув” дея баҳоласа, бошқалар “қайта форматлаш” сифатида кўрмоқда.
Меҳнат бозоридаги ўзгариш ҳам инфляция ва иқтисодий моделга таъсир кўрсатмоқда. Пандемиядан кейин кўплаб соҳаларда ишчи кучига талаб ошди, айрим тармоқларда малакали кадрлар танқислиги кузатилди. Айни ҳолат иш ҳақи ошишига олиб келди ва ўз навбатида инфляция босимини кучайтирди. Шу тариқа иқтисодий жараёнда инсон капитали ўта муҳим омилга айланди.
Яна бир муҳим жиҳат – рақамли иқтисодиёт тез суръатда ривожланиши. Пандемия онлайн хизмат, электрон савдо ва рақамли молия технологияси оммалашувини жадаллаштирди. Натижада иқтисодий моделлар трансформациялашди. Афсуски, рақамлашув янги муаммолар, жумладан кибер хавфсизлик ва рақамли тенгсизлик масаласини келтириб чиқарди.
Шундай қилиб, пандемиядан кейинги даврда глобал иқтисодиёт мураккаб ва кўп қиррали жараён таъсирида шаклланмоқда. Инфляция, геосиёсий хавф, таъминот занжири ва рақамли трансформация каби омиллар янги иқтисодий шарт-шароитни белгиламоқда.
Пандемиядан кейинги иқтисодиётда юзага келган яна бир муҳим тенденция – пул-кредит сиёсати кескин қайта кўриб чиқилиши билан боғлиқ. Марказий банклар инфляцияни жиловлаш мақсадида фоиз ставкасини оширишга мажбур бўлди. Оқибатда кредит ресурслари қимматлашди, инвестиция фаоллиги пасайди, айрим давлатларда иқтисодий ўсиш суръати секинлашди. Мутахассислар бу жараённи “инфляцияга қарши кураш ва иқтисодий ўсиш ўртасидаги мураккаб мувозанат” сифатида баҳоламоқда.
Шу билан бирга давлат бюджети сиёсати ҳам янги шароитга мослашмоқда. Пандемия даврида кескин ошган давлат қарзи кўплаб мамлакатлар учун молиявий барқарорлик масаласини долзарблаштирди. Айниқса, ривожланаётган иқтисодиётлар ташқи қарз юки ортиши туфайли жиддий босим ҳис қилмоқда. Айни ҳолат ушбу давлатларни бюджет харажатини оптималлаштириш, солиқ базасини кенгайтириш ва иқтисодий самарадорликни оширишга ундамоқда.
Бундан ташқари глобал иқтисодиётда янги иқтисодий моделлар изланиши ҳам кучаймоқда. Айрим давлатлар анъанавий эркин бозор тамойилидан қисман чекиниб, давлат иштирокини кучайтиришга интилмоқда. Стратегик тармоқда субсидия, саноат сиёсатини қўллаб-қувватлаш ва миллий ишлаб чиқаришни муҳофаза қилиш каби чоралар кенг қўлланмоқда. Бу “давлат капитализми” элементлари қайта тикланиши ҳақидаги баҳсни кучайтирмоқда.
Шу ўринда “яшил иқтисодиёт” концепцияси ҳам пандемиядан кейинги ривожланиш стратегияси марказига чиқди. Кўплаб давлатлар иқтисодий тикланишни экологик барқарорлик билан уйғунлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Қайта тикланувчи энергия манбалари, углерод чиқиндисини камайтириш ва экология технологиясига сармоя киритиш глобал иқтисодиётнинг янги, устувор йўналишига айланмоқда. Бинобарин, бу жараён ҳам қўшимча харажат, ривожланаётган давлатлар учун ортиқча молиявий юк каби қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Экспертлар таъкидлашича, пандемиядан кейинги иқтисодиётда глобаллашув шакли ҳам ўзгармоқда. Аввалги эркин савдо ва очиқ бозорга асосланган услуб ўрнини минтақавий ҳамкорлик, стратегик альянслар ва иқтисодий блоклар эгалламоқда. Бу жараён халқаро савдо йўналишларини қайта шакллантириб, янги иқтисодий марказлар пайдо бўлишига туртки бермоқда.
Шу билан бирга инновация ва технология иқтисодий ўсишнинг асосий драйверига айланмоқда. Сунъий интеллект, автоматлаштириш ва рақамли платформалар ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш билан бирга, янги бизнес моделларини шакллантирмоқда.Бундай ўзгаришлар эса меҳнат бозорига босим ўтказиб, айрим касблар йўқолиши, янги кўникмаларга талаб ортишига сабаб бўлмоқда.
Мутахассислар фикрича, келажакдаги иқтисодий барқарорлик давлатларнинг ушбу мураккаб омилларга қанчалик тез ва самарали мослаша олишига боғлиқ. Инфляцияни назорат қилиш, инвестиция муҳитини яхшилаш, инновацияни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий тенгликни таъминлаш – бугунги куннинг асосий вазифаси сифатида намоён бўлмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, пандемиядан кейинги йиллар глобал иқтисодиёт учун синов ва имконият даврига айланди. Инфляция босими, молиявий чеклов ва геосиёсий хавф шароитида давлатлар янги иқтисодий моделни излашга мажбур бўлмоқда. Бу модел фақат иқтисодий самарадорлик эмас, балки барқарорлик, инновация ва ижтимоий адолат тамойилига ҳам таянишни тақозо этади.
Мусулмон Зиё, ЎзА