Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси фаолияти йўлга қўйилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси фаолияти йўлга қўйилади.
Мазкур қарор билан:
– Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитасининг ташкилий тузилмаси;
– Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигининг ягона тизимини босқичма- босқич жорий қилиш ҳамда соҳада ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича "йўл харитаси" ҳам тасдиқланди.
Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси зиммасига юклатилган вазифалар ижросини самарали ташкил этиш ва соҳадаги ислоҳотларни мувофиқлаштириш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилади.
Ишчи гуруҳ 2026 йил 1 августга қадар озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, фитосанитария ва ветеринария соҳаси фаолияти билан боғлиқ мол-мулкни хатловдан ўтказиб, Қўмитага берилиши билан боғлиқ барча чора-тадбирларни амалга оширади.
Қўмитага Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган раис раҳбарлик қилади.
Қўмита Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Бош вазирига бўйсунади ва ҳисобдордир.
Қўмита раиси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган 5 нафар ўринбосар, шу жумладан, бир нафар биринчи ўринбосарга эга бўлади.
Қўмита раиси ва унинг ўринбосарлари мақоми, тиббий ва транспорт хизмат кўрсатиш шартлари бўйича тегишли равишда вазир ва вазир ўринбосарига тенглаштирилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бош бошқармалари бошлиқлари тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан келишилган ҳолда Қўмита раиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.
Ветеринария хизмати ва чорвачиликни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси тизимини ривожлантириш жамғармаси негизида Қўмита ҳузуридаги юридик шахс мақомига эга бўлмаган бюджетдан ташқари Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади.
2027 йил 1 мартга қадар озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасига рақамли технологияларни кенг жорий этиш мақсадида ягона автоматлаштирилган ахборот платформаси ишга туширилади.
Сунъий интеллект технологияси имкониятларидан фойдаланган ҳолда хавфларни бошқариш ҳамда хавф таҳлилига асосланган самарали назорат ташкил этилади.
Бунда хавфларни бошқариш тизимида қўлланадиган мезонлар илмий асосланган хавфни баҳолаш, озиқ-овқат маҳсулотлари турлари, уларнинг келиб чиқиш мамлакатидаги фитосанитария ва ветеринария ҳолати, озиқ-овқат бизнеси операторларининг мувофиқлик тарихи, улар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар ҳамда ушбу соҳадаги халқаро ташкилотлар маълумотлари асосида шакллантирилади.
Хавф профиллари мунтазам равишда қайта кўриб чиқилади, уларни қўллаш натижалари таҳлил қилинади ва камситувчи ёки асоссиз савдо чекловларига олиб келмаслиги таъминланади.
Автоматлаштирилган хавфларни бошқариш тизими қарорларини қайта кўриб чиқиш ва уларнинг устидан шикоят қилиш механизми жорий этилади.
Аҳоли ва бошқа барча манфаатдор тарафларга хавфли озиқ-овқат маҳсулотлари тўғрисида тезкор хабар бериш ҳамда маҳсулотларни қайтариб олиш бўйича электрон тизим яратилади.
ЎзА