Ўзбекистонда маълумотлар базаси тиллари бўйича халқаро ишчи гуруҳ йиғилиши бошланди
Ўзбекистон Республикаси Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигида ISO/IEC JTC 1/SC 32/WG 3 «Маълумотлар базаси тиллари» халқаро ишчи гуруҳининг йиғилиши бошланди.
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузуридаги Стандартлар институти ҳамкорлигида ташкил этилаётган мазкур тадбирда маълумотлар базаси тиллари соҳасидаги халқаро стандартларни ривожлантириш ва такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Йиғилиш кун тартибидан маълумотлар базаси тилларига оид халқаро стандартларни ишлаб чиқиш, амалдаги стандартларни такомиллаштириш ҳамда рақамли технологиялар ривожи билан боғлиқ долзарб вазифалар ўрин олган. Иштирокчилар, шунингдек, маълумотларни сақлаш, қайта ишлаш ва алмашиш жараёнларининг самарадорлигини оширишга қаратилган замонавий ёндашувлар юзасидан фикр алмашмоқда.


Тадбирда АҚШ, Германия, Жанубий Корея, Италия, Нидерландия, Швейцария ва бошқа мамлакатлардан халқаро экспертлар иштирок этмоқда. Мутахассислар ўртасидаги тажриба алмашинуви илғор технологик ечимларни ўрганиш, халқаро стандартларни янада такомиллаштириш ҳамда ушбу йўналишдаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун муҳим имконият яратмоқда.
Халқаро стандартлаштириш ташкилоти (ISO) ва Халқаро электротехника комиссияси (IEC) доирасида фаолият юритувчи ISO/IEC JTC 1/SC 32 «Маълумотларни бошқариш ва алмашиш» қуйи қўмитаси томонидан бугунги кунга қадар 130 та халқаро стандарт нашр этилган. Айни пайтда яна 32 та стандартни ишлаб чиқиш ишлари давом этмоқда. Ушбу стандартлар ахборот тизимларининг ўзаро мувофиқлигини таъминлаш, маълумотлар билан ишлаш жараёнларини такомиллаштириш ва турли тизимлар ўртасида самарали ахборот алмашинувини йўлга қўйишда муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистонда ҳам рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, ахборот технологиялари соҳасида экспорт салоҳиятини ошириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. 2025 йил якунларига кўра, мамлакатда IT-хизматлари экспорти ҳажми 940 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Бу кўрсаткич рақамли хизматлар бозорининг ривожланиб бораётганини кўрсатиш билан бирга, соҳада халқаро талаб ва стандартларга мос фаолият юритиш муҳимлигини ҳам намоён этади.
Мутахассисларнинг халқаро майдонда ўзаро ҳамкорлиги илғор тажрибаларни ўзлаштириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва халқаро стандартларни миллий амалиётга татбиқ этиш учун муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур йиғилиш Ўзбекистоннинг халқаро стандартлаштириш жараёнларидаги иштирокини кенгайтириш, маълумотларни бошқариш ва алмашиш тизимларини такомиллаштириш ҳамда рақамли иқтисодиёт ривожи учун зарур бўлган технологик мувофиқликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА