Дунё бўйлаб болаларнинг интернетга кириши чекланмоқда
Рақамли технологияларнинг шиддат билан ривожланиши ва ижтимоий тармоқларнинг кундалик ҳаётимизга чуқур кириб бориши глобал миқёсда ёш авлоднинг руҳий, жисмоний ва ижтимоий ривожланишига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Кибербуллинглар, экран қарамлиги, махфийлик йўқолиши ва ёшга мос келмайдиган контентлар оқими бутун дунё ҳукуматларини қатъий чоралар кўришга мажбур қилмоқда.
Туркияда эълон қилинган ва 1 ноябрдан кучга кирадиган янги қоидалар бу борадаги навбатдаги қадам бўлди. Resmi Gazete маълумотларига кўра, мамлакатда 15 ёшдан кичик болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланади, 15 ёшдан ошган ўсмирлар учун эса ҳисоблар автоматик равишда "ёпиқ" режимда ишлайди ва ота-оналар назорати тизимлари жорий этилади.
Бироқ, бу кўрсаткичлар алоҳида воқелик эмас. Сўнгги давр тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, бутун дунё бўйлаб болаларнинг рақамли макондаги ҳаракатларини қонуний тартибга солиш глобал тенденцияга айланди. Мисол учун, Австралия болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклаш бўйича энг қатъий чораларни биринчилардан бўлиб амалиётга татбиқ этди. Қабул қилинган "Online Safety Amendment" қонунига кўра, 16 ёшга тўлмаган болаларга TikTok, Инстаграм, X (Twitter) ва YouTube каби етакчи платформаларда аккаунт очиш ҳамда улардан фойдаланиш тақиқланган.
Хитойда 18 ёшдан кичик бўлган фойдаланувчилар учун интернет платформаларида (масалан, Douyin — TikTok’нинг маҳаллий версияси) қатъий вақт чекловлари мавжуд. 14 ёшгача бўлган болалар учун кунлик фойдаланиш вақти 40 дақиқа билан чекланган бўлиб, соат 22:00 дан 06:00 гача ўсмирларнинг ижтимоий тармоқлар ва онлайн ўйинлардан фойдаланиши автоматик блокланади.
Европа мамлакатлари болалар ва ўсмирларнинг шахсий маълумотларини муҳофаза қилиш ҳамда масъулиятли рақамли муҳит яратиш ёндашувини илгари сурмоқда. Қонунчилик технологик гигантлар зиммасига болаларни зўравонлик ва зарарли материаллардан ҳимоя қилиш мажбуриятини қўяди. Қоидабузар платформалар йиллик глобал даромадининг 10 фоизигача миқдорида жаримага тортилиши мумкин.
Франциядаги "Рақамли балоғат ёши" қоидаларига кўра, 15 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтиши учун ота-она розилиги ва тасдиқланган ёш текшируви талаб қилинади. Европа Иттифоқи ҳудудида 13–16 ёш оралиғидаги ўсмирларнинг шахсий маълумотларини ота-онаси рухсатисиз қайта ишлаш қонунан тақиқланади.
AҚШда ҳам умуммиллий тақиқ йўқ. Лекин 13 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқларда аккаунт очишни тақиқловчи ва 17 ёшгача бўлганлар учун контентни чекловчи қонун лойиҳаси Конгрессда ҳозирча дастлабки муҳокама босқичида турибди. Шу билан бирга, штатлар даражасида айрим чекловлар жорий этилмоқда. Масалан, Ютада вояга етмаган фойдаланувчилар ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтиш учун ўз ёшини тасдиқлаши, ота-оналар розилигини тақдим этиши ва уларга ўз аккаунтларига кириш имконини бериши керак.
Илгари интернет технологияларининг ривожланишига чексиз ахборот эркинлиги нуқтаи назаридан қаралган бўлса, ҳозирги кунда у бевосита психологик саломатлик ва миллий хавфсизлик масаласи даражасига кўтарилди. Халқаро тажриба шуни англатадики, келажакда болаларни рақамли таҳдидлардан муҳофаза қилиш фақат ота-она назорати билан чекланиб қолмай, давлат қонунчилиги ва IТ-компанияларнинг ҳуқуқий масъулияти уйғунлигида амалга оширилади.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА