Ўзбекистон – Япония: сув хўжалиги соҳасида англашув меморандуми имзоланди
Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев Япониянинг “Kubota Corporation” компанияси Сув ва экологик инфратузилма бўйича халқаро савдо департаменти директори Хирооми Ёшикава бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати маълум қилди.
Унда сув ресурсларини самарали бошқариш, ирригация инфратузилмасини модернизация қилиш, насос станциялари ва бошқа гидротехника иншоотларини реконструкция қилиш, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш, шунингдек, рақамли бошқарув ва мониторинг тизимларини кенг қўллаш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар ушбу йўналишлардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш икки мамлакат учун муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.
Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда “Kubota Corporation” компанияси ўртасида сув хўжалиги соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган англашув меморандуми имзоланди.

Томонларнинг қайд этишича, мазкур ҳужжат сув ресурсларини бошқариш, ирригация тизимларини ривожлантириш, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш, илғор технологияларни жорий этиш, қўшма пилот лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда соҳа мутахассислари малакасини ошириш йўналишларида ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА