Ўзбекистон ва Россия ўртасида илмий ҳамкорлик йўлга қўйилди
Сўнгги йилларда мамлакатимизда илм-фан ва инновацияларни ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсати изчил кучайиб бормоқда. Шу жараёнда халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма тадқиқотларни йўлга қўйиш муҳим устувор йўналишлардан бирига айланиб бормоқда.
Ана шундай стратегик ташаббуслардан бири сифатида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Россия Фанлар академиясининг Урал филиали ўртасида илмий ҳамкорлик тўғрисидаги янги келишув имзоланди. Мазкур ҳужжат нафақат расмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, балки илмий натижадорликни оширишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятли. Келишув доирасида, қўшма илмий тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, илмий маълумотлар ва нашрлар алмашинувини йўлга қўйиш, олимлар учун илмий инфратузилмалардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, кутубхоналар ва архивлардан фойдаланиш, қўшма илмий ишлар тайёрлаш, конференция ва семинарлар ташкил этиш кўзда тутилган.

Мазкур ҳамкорликнинг амалий натижалари илм-фан тизимига сезиларли таъсир кўрсатиши кутилмоқда. Хусусан, қўшма илмий мактаблар шаклланиши, инновацион технологиялар трансфери, илмий кадрлар салоҳиятини ошириш, халқаро грантлар жалб этиш, минтақавий илмий интеграциянинг кучайиши мамлакатимиз илмий тизимини глобал илм-фан маконига янада яқинлаштиради.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Россия Фанлар академияси Урал филиали ўртасида имзоланган келишув илм-фан тараққиётида муҳим янгилик сифатида баҳоланади. Бу ҳамкорлик нафақат икки томонлама илмий алоқаларни мустаҳкамлайди, балки кенг минтақавий ва халқаро илмий интеграция жараёнларига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА