Сенатда “Ўзбекистон - Польша” ва “Польша - Ўзбекистон” парламентлараро ҳамкорлик гуруҳларининг биринчи қўшма мажлиси онлайн шаклда ўтказилди.
Мажлисда “Ўзбекистон - Польша” ва “Польша - Ўзбекистон” парламентлараро ҳамкорлик гуруҳларининг фаолиятини кучайтириш, парламентлараро ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Кейинги йилларда икки мамлакат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон ва Польша ўртасида кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари фаол ривожланаётгани алоҳида қайд этилди.

Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришда парламентлараро алоқалар муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилиб, савдо-иқтисодий, инвестиция, экспорт, транспорт, қишлоқ хўжалиги, илм-фан, маданият, туризм ва миграция соҳаларида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни фаоллаштириш ва тадбиркорлар ўртасида ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш ташаббуси илгари сурилиб, “Ўзбекистон - Польша” ва “Польша - Ўзбекистон” парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари ўз фаолиятлари доирасида инвестициялар ва савдо соҳасини қўллаб-қувватлашга ҳамда кўмаклашишга алоҳида урғу беришга келишиб олди.
Мажлис якунида икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, парламентлараро гуруҳларнинг фаолиятини кучайтириш ва кенг қамровли ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, ўзаро тажриба алмашинувини йўлга қўйишга қаратилган аниқ тадбирлар режаси - “йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА