Ўзбекистон ва Покистон ўртасида тоғ-кон ва геология соҳасида ҳамкорлик кенгайтирилади
Тоғ-кон саноати ва геология соҳасида замонавий технологияларни жорий этиш, илмий салоҳиятни ошириш ҳамда юқори малакали кадрлар тайёрлаш соҳани ривожлантиришнинг муҳим шартларидан биридир. Шу боис халқаро тажрибани ўрганиш, илмий-тадқиқот муассасалари ва нуфузли олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси тоғ-кон саноати ва геология вазири Бобур Исломов ҳамда Покистон Миллий фан ва технологиялар университети (NUST) ректори, доктор Муҳаммад Зоҳид Латиф бошчилигидаги делегация ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати маълум қилди.
Мулоқотда икки мамлакатнинг геология ва тоғ-кон саноати соҳаларидаги салоҳиятини бирлаштириш, шунингдек, таълим ва илмий-тадқиқот йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди. Хусусан, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги билан NUST ўртасида соҳавий ҳамкорликни йўлга қўйиш, унинг истиқболли йўналишларини белгилаш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига эътибор қаратилди.
Ҳамкорликнинг таълим ва илм-фан йўналишидаги истиқболлари ҳам учрашувнинг асосий мавзуларидан бўлди. Геология фанлари университети (GFU) ва NUST ўртасида профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар ҳамда соҳа мутахассислари алмашинувини йўлга қўйиш, қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, академик тажриба алмашиш ва ўзаро манфаатли таълим дастурларини ишлаб чиқиш бўйича фикр алмашилди.
Шунингдек, NUSTнинг GFUдаги ихтисослаштирилган кафедраси фаолиятини қўллаб-қувватлаш, унинг салоҳияти ва имкониятларини янада кенгайтириш юзасидан таклифлар кўриб чиқилди.
Учрашув якунида геология ва тоғ-кон соҳасида таълим, илм-фан ва амалий тажрибани уйғунлаштириш, шу асосда қўшма лойиҳаларни кўпайтириш ва мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш бўйича ҳамкорликни изчил давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА