Ўзбекистон ва БМТ: 489 миллион АҚШ долларидан зиёд бўлган 341 дан ортиқ лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди
БМТ Тараққиёт дастурининг Гендер тенгликка эришиш стратегиясини қўллаб-қувватлаш ва институционал ўзгаришларни тарғиб қилиш учун лойиҳа кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси Малика Қодирхонова иштирок этди.
Тадбирда давлат органларида гендер тенгликни таъминлаш, институционал ўзгаришларни қўллаб-қувватлаш ҳамда Ўзбекистоннинг 2030 йилгача гендер тенгликка эришиш стратегиясини амалга ошириш бўйича ишлар натижалари муҳокама қилинди.
БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистонда 2026 - 2030 йилларга мўлжалланган Мамлакат дастури ҳамда БМТнинг Барқарор ривожланиш бўйича ҳамкорлик доираси (UNSDCF) асосида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, давлат бошқарувини такомиллаштириш ва гендер тенгликни таъминлашга қаратилган устувор йўналишлар юзасидан ҳам маълумот берилди.

БМТ Тараққиёт дастури 1993 йилдан буён Ўзбекистоннинг ишончли ҳамкори сифатида ижтимоий-иқтисодий тараққиёт, давлат бошқарувини такомиллаштириш, камбағалликни қисқартириш, экологик барқарорлик ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қаратилган кенг кўламли ташаббусларни амалга ошириб келмоқда. Шу давр мобайнида мамлакатимизда умумий қиймати 489 миллион АҚШ долларидан зиёд бўлган 341 дан ортиқ лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди.

Йиғилишда гендер тенглик соҳасида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг натижалари, давлат идораларида илғор халқаро тажрибаларни жорий этиш, давлат хизматчилари салоҳиятини ошириш ҳамда мазкур йўналишдаги ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Тадбир иштирокчилари гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини янада кенгайтириш ҳамда давлат бошқаруви тизимида самарали институционал механизмларни жорий этиш бўйича ҳамкорликни изчил давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.
Н.Абдураимова,
ЎзА