Нодира Зокирова: “Муваффақият қозониш ўз қўлимизда”
Ҳар бир денгизнинг ўзига хос тўлқини бўлганидек, ҳар бир миллатнинг ҳам ўз маънавий рангги, оҳангги бор. Бу унинг адабиётида, санъатида акс этади. Хусусан, журналистика ҳам ижод, адабиётнинг ажралмас қисми саналади.
Шу кунларда юртимиз бўйлаб Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни кенг нишонланмоқда. Жамиятдаги ўзгаришлар ва давлат сиёсатининг моҳиятини халққа етказишда матбуотнинг ўрни эса беқиёс. Шу муносабат билан Президентимизнинг соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисидаги фармони қабул қилинди. Тақдирланганлар орасида Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти қошидаги “Бир сафда” журнали муҳаррири Нодира Зокирова ҳам бор.
– Нодира опа, “Шуҳрат” медали билан тақдирланганингизни эшитганингизда нималарни ҳис қилдингиз, кечинмаларингиз билан бўлишсангиз.
– 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ соҳа ходимлари, шу жумладан, мен ҳам Президентимиз фармони билан тақдирландим. Бунинг учун аввало, жамоамизга миннатдорлик билдираман. Чунки айнан улар менинг номзодимни илгари суришган. Бу мукофот шунинг учун ҳам бутун жамоаники. Ростини айтсам, мен бундай эътибор ва эътирофни кутмагандим. Аммо бу мени жуда ҳам қувонтирди. Негаки, очиғини айтадиган бўлсам, брайл алифбосида чоп этилгани боис, бизнинг нашр ҳақида кўпчилик маълумотга эга бўлмаслиги мумкин. Шу маънода бу, журналимиз нуфузини янада оширишга хизмат қилади деб ўйлайман. Бизнинг жамоа – журналимиз номига хос бир сафда, қўлни-қўлга бериб меҳнат қиладиган жамоа.
– Мазкур журналда қанча вақтдан бери фаолият юритиб келяпсиз?
– Аввало, шуни айтиб ўтишим керакки, мен ушбу журнални болалигимдан севиб мутолаа қиламан. Кутубхоналардан энг кўп сўрайдиган журналим ҳам айнан “Бир сафда” бўлган. Шунинг учунми, талабалик йилларимданоқ журнал саҳифаларида мақолаларим билан кўриниб турардим. Бироқ қачондир ўзим ҳам бу севимли журналимда ишлайман деб ўйламаганман. Бироқ ҳали талаба пайтимданоқ меҳнат фаолиятимни бошлаганман. Яъни 1998 йилдан буён мазкур журналда меҳнат қилиб келмоқдаман.
– Сир эмаски, яқин йилларгача кўзи ожизларга, умуман, жисмонан имконияти чекланганларга бўлган эътибор ҳаминқадар эди. Бироқ Янги Ўзбекистоннинг инсон қадри тамойилига таянган сиёсатида бу барҳам топди. Эндиликда Президент имзолаётган ҳар бир ҳужжатда имконияти чекланганларнинг тақдири ижобий ечимини акс эттирмоқда. Нодира опа, биламизки, илгари кўзи ожизларнинг давлат мукофоти олиши деярли кузатилмайдиган, оламшумул ҳодиса сифатида қаралган. Бироқ сўнгги йилларда ҳар бир байрам муносабати билан мукофотланганлар орасида ногиронлар, хусусан, кўзи ожизлар сони ҳам ортиб бормоқда. Сизнинг-ча, бунинг негизида нима ётади?
– Биласизми, бу чуқур мулоҳаза билан жавоб бериладиган савол. Аввало, бундай натижалар ўз-ўзидан эмас. Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан ногиронларнинг нафақат ижтимоий ҳимоясига, балки сифатли таълим олишига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уларнинг жамиятда муносиб ўрин топишлари йўлидаги ислоҳотлар натижасида кўплаб имконияти чекланганлар меҳнат бозорига фаол кириб келмоқда. Билдирилаётган ишонч ва яратилаётган имкониятлар албатта, натижа бермай қолмайди. Ўйлашимча, ана шундай ислоҳотлар самараси ўлароқ, бизнинг меҳнатимиз ҳам эътироф этилмоқда.
Ҳозир шундай замонки, муваффақият қозониш ўз қўлимизда. Энди биздан талаб этиладиган ягона нарса мазкур эътибор ва эътирофга муносиб бўлишдир. Агар биз шунга интилмасак, ўз келажагимиз илдизига ўзимиз болта урган бўламиз. Масалан, менда мукофотланганимдан кейин масъулият ҳисси янада кучайди. Чунки бу ишонч. У эса оқланиши лозим.
P/S: Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётини кенг ёритишда фаол бўлган Нодира Зокирова каби кўзи ожиз журналистлар юртимизда талайгина. Улар ҳам миллат тақдирини ўз тақдирлари билан боғлаб яшамоқда. Қувонарлиси, бундай матонат ва жасорат эса ҳамиша давлатимиз раҳбари эътиборида.
ЎзА мухбири Шербек Исломов суҳбатлашди.