Ўзбекистон шахмати: сенсациядан тизимга
2022 йилдаги мамлакатимиз эришган чемпионлик жаҳон шахмати учун кутилмаган натижа эди. Орадан тўрт йил ўтиб, Ўзбекистон яна Олимпиада олтинини қўлга киритди.
2022 йил Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида Ўзбекистон Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси чемпиони бўлганида жамоа 2625 ўртача рейтинг билан 14-рақамли саралашдан старт олган эди. Шунга қарамай, мусобақани мағлубиятсиз якунлаб, олтин медални қўлга киритди. 2024 йил Будапештда бронза олинди. 2026 йил Самарқандда эса термамиз 2720 ўртача рейтинг билан учинчи рақамли жамоа сифатида майдонга чиқди ва яна чемпион бўлди.
Тўрт йилда ўртача рейтинг қарийб 100 пунктга ўсди, старт рўйхатидаги ўрин 14-поғонадан 3-поғонага кўтарилди. Самарқандда Ўзбекистон 20 матч очкоси билан биринчи ўринни эгаллади. Сўнгги турда Украина 2,5:1,5 ҳисобида мағлуб этилиб, тарихдаги иккинчи Олимпиада чемпионлиги расмийлаштирилди.
Бу йўл осон кечмади. Ўзбекистон амалдаги чемпион Ҳиндистонни 2,5:1,5, Арманистонни 3,5:0,5 ҳисобида енгди. Германияга учралган мағлубиятдан кейин АҚШ устидан қозонилган ғалаба эса жамоани яна чемпионлик пойгасига қайтарди. Муҳими, натижа битта шахматчига боғланиб қолмади. Нодирбек Абдусатторов биринчи тахтада 11 партиядан 8,5 очко тўплаб, 2869 рейтинг қайд этди. Жавоҳир Синдаров ва Нодирбек Ёқуббоев ҳам юқори даражада ўйнади. Муҳиддин Мадаминов эса 7 партиядан 5,5 очко жамғарди.
2022 йилда чемпион бўлган бешликдан тўрт нафар шахматчи, Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдаров, Нодирбек Ёқуббоев ва Шамсиддин Воҳидов Самарқандда ҳам асосий терма сафида эди. Уларга Муҳиддин Мадаминов қўшилди.
Бугунги манзара ўн йил аввалги шароит билан солиштирилганда фарқ янада яққол кўринади. “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони соҳиби, Ўзбекистон Шахмат федерацияси раиси ўринбосари Комил Синдаров бу жараённи мураббий сифатида ҳам, бобо сифатида ҳам бошидан кечирган.
– Албатта, бунга эришиш осон эмас, – дейди комил Синдаров. – Икки юздан ортиқ давлат орасида биринчи бўлиш жуда катта натижа. Ҳиндистон, Хитой, АҚШ, Германия каби давлатларда шахмат анча олдин ривожланган. Биз қисқа вақт ичида уларга етиб олишимиз керак эди.
Унинг эслашича, аввал ёш шахматчининг халқаро мусобақага чиқиши кўп жиҳатдан оила имкониятига боғлиқ бўлган. 2014 йилда Жавоҳир ва Исломбекни Грециядаги мусобақага олиб бориш учун йўл, яшаш ва бошқа харажатларни оила ўзи кўтарган.
– Боланинг қобилиятини кўриб турибсиз, натижа бўлишини ҳам биласиз. Лекин уни халқаро мусобақага олиб бориш учун ҳеч ким ёрдам бермайди, – дейди Синдаров. – Қариндошлардан ёрдам сўраб, ўз ҳисобимиздан боришга тўғри келар эди.
Унга кўра, бундай шароит айрим иқтидорли болаларнинг шахматда қолишига тўсқинлик қилган. Айниқса, қизлар учун мунтазам халқаро амалиёт имконияти чекланган. Лекин бугун вазият бошқача. Иқтидорли боланинг ўсиш йўли фақат оила имкониятига боғлиқ бўлиб қолмаслиги учун база кенгаймоқда. 2021 йилги тегишли қарор билан яна 150 та мактабни шахматга ихтисослаштириш, 1 мингта мактабда 2-4-синф ўқувчиларига шахмат ўқитиш, шахмат секцияларидаги болалар қамровини 10,5 минг нафарга етказиш ва давлат-хусусий шериклик асосида 25 та шахмат мактаби ҳамда клуби ташкил этиш белгиланган. 2026 йил сентябрда Самарқандда ўтган “FIDE Chess in Education” саммитида эса мамлакатда шахмат тўгаракларига 100 мингдан ортиқ ўқувчи, жумладан 70 минг қиз қатнашиши, 100 дан зиёд мактабда ихтисослашган шахмат синфлари ташкил этилгани маълум қилинди.
Танлов базаси кенгайган сари иқтидорни топиш имконияти ортади. Кейин эса кучли мураббий, юқори даражадаги рақобат, халқаро мусобақалар ва узлуксиз тайёргарлик ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Шу маънода Самарқанддаги чемпионлик битта қарор, битта дастур ёки битта авлоднинг натижаси эмас. Бир неча жараён бир нуқтада учрашди. 2022 йилда жаҳон даражасига чиққан авлод яна кучайди, таркиб барқарорлиги сақланди, унинг ортида рақобатбардош захира пайдо бўлди.
Ҳозирча рақамлар аниқ:
2022 – олтин;
2024 – бронза;
2026 – олтин.
Тўрт йил аввал Ўзбекистоннинг Олимпиада чемпиони бўлиши сенсация эди. Бугун эса бу натижа тасодиф эмаслиги кўриниб турибди. Энди асосий синов шоҳсупага чиқиш эмас, шу даражани кейинги авлодга ўтказишдир.
Дилшод ҲАКИМОВ,
ЎзА мухбири