Бойсунда ёшларнинг ижтимоий фаоллиги оширилмоқда
Бойсун туманида "Пайшанба-ёшлар куни" доирасида таълим муассасалари битирувчилари ва вақтинча банд бўлмаган ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Туман ҳокимлиги, Давлат хавфсизлик хизмати туман бўлинмаси, солиқ инспексияси, туман ёшлар ишлари бўлими ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган учрашувда йигит-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириб, даромадли меҳнат билан таъминлаш ва тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Ёшларнинг муаммолари, қизиқиш ва таклифлари тингланиб, ҳар бир мурожаатни ҳал этиш тегишли ташкилот ва корхона раҳбарларига аниқ муддат билан ижрочилари кўрсатилган ҳолда йўналтирилди.

Учрашув якунида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ҳам ташкил этилди. Унда туман камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳаларда мавжуд 208 та бўш иш ўрнини тавсия этди.

Меҳнат ярмаркасида 8 нафар ёш ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлашиш учун йўлланма олиб, бандлигини таъминлади. 37 нафар йигит-қизга меҳнат қонунчилиги, қайта касбга тайёрлаш, касб танлаш ва имтиёзли шартлар асосида банд бўлиш юзасидан тегишли маслаҳат берилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири