Ўзбекистон – Хитой қўшма илмий-тадқиқот лабораторияси очилди
Бугун Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институтида Ўзбекистон – Хитой қўшма илмий-тадқиқот лабораториясининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Умид Мамадаминов, Ички Мўғулистон автоном ҳудуди партия қўмитаси котибининг ўринбосари Ши Гуанхуэй ҳамда Ички Мўғулистон технология университети вице-президенти, профессор Го Хунфэй сўзга чиқиб, қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасидаги илмий ҳамкорликни янада ривожлантириш, инновацион технологияларни жорий этиш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг аҳамиятига алоҳида тўхталди.
Лаборатория Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институти ҳамда Хитой Халқ Республикасининг Ички Мўғулистон технология университети ҳамкорлигида “Бир макон – бир йўл” ташаббуси доирасида ташкил этилди. Унинг фаолияти доирасида қуёш, шамол ва водород энергетикаси, энергияни сақлаш технологиялари, интеллектуал энергия тизимлари ҳамда сунъий интеллект йўналишларида қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш, замонавий лабораториялар ташкил этиш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш режалаштирилган.

Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Умид Мамадаминов таъкидлаганидек, сўнгги уч-тўрт йил ичида Ўзбекистонда, айниқса, Хитой компаниялари билан ҳамкорликда қайта тикланувчи энергетика соҳасида йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
– Уларнинг асосий қисми қайта тикланувчи энергия манбаларига оид бўлиб, қуёш ва шамол энергетикаси ҳамда энергияни сақлаш тизимларини қамраб олади. Саноат соҳасида ҳам салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Бироқ илм-фан соҳасида ривожланиш бироз суст кечмоқда. Ваҳоланки, илм-фан ва саноат бир-бирини тўлдирган ҳолда уйғун ривожланиши лозим. Бугун биз энг замонавий қуёш ва шамол электр станциялари, энергияни сақлаш тизимлари ҳамда янги авлод подстанцияларини барпо этяпмиз. Лекин бу соҳада малакали кадрлар ва илмий салоҳият етарли эмас. Шу боис, мазкур ташаббус биз учун ғоят муҳим аҳамиятга эга. Менимча, Хитойнинг илмий-тадқиқот институтлари, компаниялари ҳамда халқаро тажрибани бирлаштирган ҳолда ушбу муаммоларга самарали ечим топишимиз мумкин, – деди Умид Мамадаминов.
Айтиш жоизки, мазкур институт ва Ички Мўғулистон технология университети ўртасидаги ҳамкорлик ўн йилдан зиёд вақтдан буён изчил давом этиб келмоқда. Шу йиллар мобайнида илмий муассаса олимлари ва мутахассислари мунтазам равишда мазкур университетга ташриф буюриб, таълим дастурлари, стажировкалар, илмий форумлар ҳамда халқаро конференцияларда фаол иштирок этиб келмоқда.
Ушбу самарали ҳамкорликнинг яна бир муҳим натижаси сифатида жорий йилнинг 21 май куни Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлик форуми доирасида Қўшма илмий-техника лабораториясини ташкил этиш тўғрисидаги меморандум имзоланди. Мазкур ҳужжат ҳамкорликни янада кенгайтириш, илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратди.
Бугун ушбу лабораториянинг очилиши томонлар ўртасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиб, қўшма илмий тадқиқотларни янада ривожлантириш, инновацион ишланмаларни амалиётга кенг жорий этиш ҳамда ҳар икки томон учун муҳим илмий ва амалий натижаларга эришишга хизмат қилади.
Жаноб Ши Гуанхуэйнинг қайд этишича, бугунги ташрифдан кўзланган мақсад икки мамлакат раҳбарлари ўртасида эришилган келишувларни амалга ошириш ҳамда энергетика, илм-фан ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришдан иборат.

– Кейинги йилларда икки давлат ўртасидаги ўзаро муносабатлар изчил ривожланиб, ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Хусусан, 2023 йилда қайта тикланувчи энергия соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланиб, мазкур соҳадаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди. Шунингдек, Пекин ташаббуси ҳамда “Бир макон – бир йўл” ташаббусини юқори сифат даражасида амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар режаси қабул қилиниб, илмий-инновацион ҳамкорлик устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланди.
Мазкур келишув ва ташаббуслар энергетика, илм-фан ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, қўшма илмий тадқиқотлар ҳамда инновацион лойиҳаларни амалга ошириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда. Бугун Ўзбекистон – Хитой қўшма илмий-тадқиқот лабораториясининг очилиши эса томонлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, қўшма илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва инновацион ишланмаларни амалиётга кенг жорий этишга хизмат қилади, – деди Ши Гуанхуэй.
Тадбир якунида иштирокчилар институт фаолияти билан танишиб, соҳадаги илмий-техник ишланмалар ҳамда замонавий тадқиқот инфратузилмасини кўздан кечирди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА