Ўзбекистон экспортида юқори улушга эга бўлган ТОП-10 давлатлар
Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқаларида янги йилни ижобий кўрсаткичлар ва юқори ўсиш суръатлари билан бошлади. Миллий статистика агентлигининг сўнгги маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь ойида мамлакатимизнинг ташқи савдо айланмасида экспорт ҳажми 1,7 млрд АҚШ долларини ташкил этди.
Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 26,7 фоизга юқори бўлиб, маҳаллий маҳсулотларнинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлиги ортиб бораётганини тасдиқламоқда.
Жорий йилнинг илк ойи давомида Ўзбекистон маҳсулотларининг асосий харидорлари сифатида анъанавий ҳамкорлар билан бир қаторда Европа ва Америка қитъаси давлатлари ҳам фаоллик кўрсатди.
Хусусан, Россия Федерацияси 325,8 млн доллар билан энг йирик экспорт йўналиши бўлиб қолмоқда. Кучли учликдан Хитой (178,1 млн доллар) ва Афғонистон (136,7 млн доллар) жой олди. Шунингдек, Европа йўналишида Франциянинг юқори улуши (103,6 млн доллар) ва океан ортидаги муҳим ҳамкор АҚШнинг (32,1 млн доллар) кучли ўнталикка киргани диққатга сазовордир.
Минтақавий ҳамкорлик доирасида Туркия (84,3 млн), Қозоғистон (81,6 млн), Қирғизистон (46,5 млн) ва Тожикистон (45,7 млн) билан ўзаро товар айирбошлаш ҳажми барқарор ўсишда давом этмоқда.
Бундан ташқари, Бирлашган Араб Амирликлари (41,4 млн) ҳам Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари қаторидан мустаҳкам ўрин эгаллади.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА