Остона шаҳрида рақамли инфратузилма масалалари муҳокама қилинмоқда
Рақамли технологиялар вазирлиги делегацияси Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ўтказилаётган “Data Center & AI Infrastructure Central Asia 2026” конференциясида иштирок этмоқда.
Мазкур конференция сунъий интеллект, маълумотлар марказлари ва рақамли инфратузилмани ривожлантиришга бағишланган юқори даражадаги минтақавий платформа ҳисобланади. Тадбир Марказий Осиё, МДҲ ва жаҳон бозорларидан халқаро ташкилотлар вакиллари, маълумотлар марказлари операторлари, булутли технологиялар ва сунъий интеллект инфратузилмаси провайдерлари, инвесторлар ҳамда технология етакчиларини бир жойга жамламоқда.

Тадбир давомида вазирлик делегацияси Ўзбекистонда маълумотлар марказларини ривожлантириш ва сунъий интеллект соҳаларида амалга оширилаётган ташаббуслар ва ислоҳотларни тақдим этди.

Хусусан, рақамли инфратузилмани мустаҳкамлаш, маълумотларни қайта ишлаш қувватларини кенгайтириш ва сунъий интеллект маълумотлар марказларини жойлаштириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган ишларга эътибор қаратилди.
Н.Раҳмонова,
ЎзА