Иқтидор, интилиш ва имконият
Қарши давлат техника университетида “Ёш муҳандис” космик робототехника бўйича республика мусобақасининг ҳудудий босқичи бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги ташаббуси билан ташкил этилган мазкур танловда Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё ҳамда Қашқадарё вилоятларидан келган иқтидорли ёшлар иштирок этди. Улар муҳандислик, робототехника ва дастурий ечимлар соҳасидаги билим ва кўникмаларини намоён этди.
– Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда космонавтика соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди университет проректори Ғулом Узоқов. – Шу нуқтаи назардан ёшларнинг мазкур йўналишдаги иқтидорини аниқлаш, истеъдодларни саралаб олиш мақсадида турли танловлар ўтказилмоқда. Бугунги беллашув ҳам кўплаб янги иқтидорларни кашф этишга хизмат қилди. Шунингдек, ёшларнинг ўзаро тажриба алмашиши, янги стартап ғоялар устида иш олиб бориши учун кенг имконият яратди.
[gallery-28777]
Беллашувда мактаб ўқувчилари, олий таълим муассасалари талабалари ҳамда 25 ёшгача бўлган ёш олимлар якка тартибда ёки жамоавий тарзда иштирок этди.
Мусобақа доирасида иштирокчилар томонидан робототехникага оид лойиҳалар, муҳандислик ишланмалари ва дастурий ечимлар тақдим этилди. Ҳар бир иштирокчи тажрибали мутахассислар ҳайъати олдида ўз лойиҳасини ҳимоя қилиб, унинг янгилиги ва амалий аҳамиятини асослаб берди.
Якунларга кўра, 22 нафар иштирокчи танловнинг республика босқичига йўлланма олди. Қарши давлат техника университетининг “Инноваторлар” жамоаси мусобақа ғолиби деб топилди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари