Ўрмон ёнғинларининг олдини олиш бўйича машғулот бўлиб ўтди
Бойсун давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва тезкор хизматларнинг ҳамкорликдаги ҳаракатларини янада такомиллаштиришга қаратилган махсус тактик-ўқув машғулоти ўтказилди.
Машғулот Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Сурхондарё вилояти ва Бойсун тумани тузилмалари, туман ички ишлар, Миллий гвардия бўлимлари, “Тез тиббий ёрдам” хизмати, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги маркази ходимлари ҳамкорлигида ташкил этилди.

Сайёрамизда иқлим ўзгариши тоғли ҳудудларда ҳам ёз мавсумида ҳаво ҳароратининг кутилмаганда кескин кўтарилишига сабаб бўлмоқда. Махсус тактик-ўқув машғулоти иссиқ мавсумда қуруқ об-ҳаво ва инсон омили таъсирида юзага келиши мумкин бўлган ўрмон ёнғинларининг олдини олиш, бундай вазиятларда масъул ташкилотларнинг тезкор ҳаракатини мувофиқлаштириш кўникмаларини ҳамда мавжуд куч ва воситаларнинг шайлигини синовдан ўтказди.

Машғулотлар чоғида ўрмонларда ёнғинларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича амалий ҳаракатлар бажарилиб, шартли равишда юзага келган ёнғин ҳолатини бартараф этиш жараёнлари намойиш этилди. Унда ёнғин ўчириш техникалари, махсус воситалар ва тезкор хизматлар амалга оширадиган ҳамкорликдаги ҳаракатлар амалий синовдан ўтказилди. Фавқулодда вазият юзага келганда ходимларнинг аҳолини хавфсиз ҳудудга эвакуация қилиш, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, ҳудудни назоратга олиш ва санитария хавфсизлигини таъминлаш кўникмалари мустаҳкамланди.
Сурхондарё вилояти ўрмонзорлари чўл, тоғ ва тўқай экотизимларини қамраб олган бой ўсимлик дунёсига эга. Бепоён игна баргли дарахтзорлар, пистазор ҳамда ҳудудга хос бошқа ноёб ва доривор ўсимлик турлари билан қопланган.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири