Эски цехлар ўрнида пайдо бўлаётган келажак заводлари халққа қандай фойда келтирмоқда?
Мустақилликнинг 35 йиллиги
Ёш оилага Чирчиқ шаҳридан уй олишни маслаҳат беришди. У томонларда “дом”лар арзонлигини айтишди. Келин-куёвга бу таклиф маъқул бўлди. Бошланишига яшаб турайлик, маблағ тўплаб пойтахтдан бошқа уй олишни режа қилишди.
Биз ҳозир катта ҳаётга қадам қўйган икки ёшнинг ўн йил олдин қабул қилинган қарори ҳақида гапирдик. Улар бу тўхтамга келганларининг биринчи йилиёқ қаттиқ афсус қилганларини бугун кулибгина эслайди.
Илгари Чирчиқ деганда кўпчиликнинг кўз олдига улкан саноат корхоналари, тутаётган баланд мўрилар ва бир замонлардан қолган совуққина ишчилар шаҳарчаси келарди. Очиғини айтиш керак, яқин-яқингача бу ердаги кўплаб цехлар ўз даврини яшаб бўлган, ускуналар занглаб, янгича нафасга муҳтож эди. Йилдан-йилга ишсизлик кўрсаткичи ошиб, яшаш шароити пастлаб борарди. Ишсизлик ва бекорчилик кўпайган жойда эса осойишталик йўқолиши, жиноятчилик ортиши табиий.
– Чирчиғимиз ҳаётида чин маънода бурилиш нуқтаси 2016 йилда бошланди, – дейди меҳнат фахрийси Нозим ота Фатҳуллаев. – Шаҳарга гўёки янги нафас оралади. Бугун кўчалардаги гавжумликни, одамларнинг юзидаги хотиржамликни кўриб кўзинг қувнайди. Шаҳарга янгича шиддат олиб кирган асосий омиллардан бири бу ерда ташкил этилган бир қанча олий таълим масканлари бўлди. Илгари фақат ишчилар макони бўлган Чирчиқ бугун ёшлик ва илм-фан энергиясига тўлган жонли шаҳарга айланди. Ишламай ётган завод ҳудудлари, эски цехлар ўрнида замонавий технопарклар пайдо бўлди. Илгари уйини сотиб, бу ердан узоққа кетмоқчи бўлганлар жуда кўп эди. Ҳозир эса, аксинча, ҳамма Чирчиққа интиляпти. Сабаби одамларда эртанги кунга ишонч пайдо бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 3 февралдаги қарори билан “Чирчиқ” кимё-индустриал технопаркининг ташкил этилиши ана шу турғунликка чек қўйган муҳим қадамлардан бири бўлди. Хўш, бу лойиҳа оддий одамларга, маҳаллий аҳолига нима берди? Келинг, қуруқ рақамлардан қочиб, ҳаётий мисоллар билан тушунишга ҳаракат қиламиз.

Шаҳар марказида йиллар давомида ҳувуллаб, занглаб ётган майдонларни тасаввур қилинг. Қарорга мувофиқ, ишламай ётган заводлар ўрнида янги иқтисодий ҳудуд яратилди. Бу ерни шунчаки ижарага бериш эмас эди. Бу илғор бошқарув тизимини жорий этиш йўли эди.
Ташландиқ бинолар бузиб ташланмади, аксинча, лойиҳалаш ва қуришни бир вақтда олиб бориш усули билан уларнинг ўрнида замонавий, энергия тежамкор корхоналар қад ростлади.
– Бугун мазкур технопарк кимё маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, илғор технологияларни жорий этиш ҳамда инвесторлар учун қулай муҳит яратиш мақсадига хизмат қилмоқда, – дейди технопарк директори Жасур Муҳаммадиев. – Умумий майдони 26,4 гектар бўлган ҳудудда муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва замонавий инфратузилма шакллантирилди. Лойиҳанинг иқтисодий самарадорлиги аниқ рақамларда кўриниб турибди. Жумладан, 2025 йилда 56 миллион долларлик инвестиция ўзлаштирилиб, 800 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Йил давомида корхоналар томонидан 150 дан ортиқ турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилди.

Эслатиб ўтиш жоизки, шу йилнинг 2 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёевга мазкур технопарк фаолияти ҳамда кимё саноатини ривожлантиришга қаратилган истиқболли лойиҳалар тақдимот қилинди. Давлат раҳбарининг шахсий эътиборида турган бу лойиҳа келажакда янада катта натижалар бериши аниқ.
Энди оддий одамлар ҳаётига тўхталайлик. Ҳар куни саҳарлаб Тошкентга қатнаш, йўлга соатлаб вақт ва пул сарфлаш машаққатини кўпчилик яхши билади. Технопарк корхоналарининг ишга тушиши маҳаллий аҳоли, айниқса, ёш мутахассислар ва кимёгарлар учун ўз уйининг ёнида, яхши маошли иш топиш имкониятини берди.
Шу билан бирга, истиқболдаги режалар ҳам улкан. 2030 йилга қадар инвестициялар ҳажмини 207 миллион долларга, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни 294 миллион долларга, экспортни эса 48 миллион долларга етказиш мўлжалланган. Бунинг эвазига иш ўринлари сони яна 2 минг 300 тага кўпаяди.
Бу ўринда кўпчиликни бир савол ўйлантириши табиий. Кимё заводи шаҳар экологиясига зарар етказмайдими? Йўқ, ваҳимага ҳожат йўқ. Эски цехларнинг заҳарли тутунлари даври ўтди. Янги қувватларнинг халқаро стандартларга мос, атроф-муҳитга зарар етказмайдиган ва экологик жиҳатдан хавфсиз бўлиши қатъий талаб этиб қўйилган. Яъни, шаҳар ҳавосига ортиқча юклама тушмайди.

Давлат бу ерга инвесторларни шунчаки таклиф қилаётгани йўқ. Уларга жуда катта имтиёзлар берилмоқда. Технопарк иштирокчилари киритилган инвестиция ҳажмидан қатъи назар, солиқ ва божхона тўловларида қулайликлар берилган. Бу бизнес учун катта мададдир.
Ушбу лойиҳанинг рўёбга чиқиши натижасида кундалик ҳаётимизда ишлатадиган минглаб кимёвий маҳсулотлар, яъни пластик идишлардан тортиб, бўёқлар, маиший кимё воситалари, қурилиш материаллари ва дори-дармон хом ашёларининг чет элдан олиб келиниши маълум даражада қисқарди.
Шаҳардаги технопаркнинг бош мақсади ҳам аслида шу. Импорт ўрнини босувчи ва энг муҳими, хориж бозорида харидоргир бўлган юқори қийматли маҳсулотлар чиқаришга урғу берилади. Ички бозорда ўзимизнинг маҳсулот кўпайса, нарх-наво арзонлашади. Четга сотилса, юртимизга валюта киради. Валюта эса янги мактаблар, йўллар ва шифохоналар демакдир.
Келажак Чирчиққа аллақачон кириб келган. Ҳудуднинг янги саноат “юраги” мамлакат иқтисодиётини ҳам олдинга бошламоқда.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА шарҳловчиси