Омбудсман сақлаш муассасаларидаги шароитларни ўрганди
Бухоро вилоятида инсон ҳуқуқларини таъминлаш, сақлаш муассасалари ва ижтимоий ҳимоя объектларида яшаш ҳамда хизмат кўрсатиш шароитларини ўрганиш мақсадида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг вилоятдаги минтақавий вакили Абира Ҳусейнова навбатдаги мониторингни ўтказди.
Мониторинг доирасида 17-сон жазони ижро этиш колонияси, 4-сон тергов ҳибсхонаси, Қоракўл тумани ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, шунингдек, Қоракўл туманидаги эркаклар "Мурувват уйи" ҳамда Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказининг психиатрия хизмати бўйича Бухоро вилоят филиали фаолияти ўрганилди.

Муассасаларда сақланаётган ва даволанаётган фуқаролар учун яратилган шарт-шароитлар ҳар томонлама таҳлил қилинди. Жумладан, ётоқхоналар, ювиниш хоналари, ошхона ва тиббиёт бўлимлари, озиқ-овқат ҳамда дори-дармон таъминоти, уларнинг сақлаш ҳолати кўздан кечирилди. Шу билан бирга, кутубхона, маданий ҳордиқ чиқариш хоналари, телефон орқали мулоқот қилиш имкониятлари, узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналари, тергов ва адвокатлар билан учрашув жойлари ҳамда сайилгоҳлардаги шароитлар ўрганилди. Муассасалар ҳудудида ўрнатилган видеокузатув тизимларининг техник ҳолати ҳам назоратдан ўтказилди.

Ўрганишлар натижасида Қоракўл туманидаги эркаклар мурувват уйида айрим камчиликлар аниқланди. Хусусан, муассаса ошхонаси таъмирланган бўлишига қарамасдан, ундаги газ плиталарининг носозлиги сабабли овқатлар ташқи ҳудуддаги вақтинчалик ва етарли даражада жиҳозланмаган шароитда тайёрланаётгани маълум бўлди. Бу ҳолат масъул ташкилотлар томонидан тезкор чоралар кўриш зарурлигини кўрсатади.

Шунингдек, мониторинг жараёнида муассасаларда жойлаштирилган “Омбудсман қути”лари орқали келиб тушган мурожаатлар ҳамда фуқаролар билан ҳоли тарзда ўтказилган қабуллар давомида билдирилган масалалар ўрганилди. Айрим мурожаатлар бўйича жойнинг ўзида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, бошқа мурожаатлар эса назоратга олинди.

Мазкур мониторинг ташрифлари муассасаларда инсон ҳуқуқларига риоя этилиши, яшаш ва сақлаш шароитларини янада яхшилаш, мавжуд муаммоларни ўз вақтида бартараф этишга хизмат қилади. Аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг ҳужжатлари киритилиши белгиланган.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири