Ўзбекистонлик энергетиклар Хитой ва Жанубий Кореяда илғор тажрибани ўрганмоқда
Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳамда соҳага дахлдор ташкилотлар вакиллари Хитой ва Жанубий Кореяда бўлиб, замонавий ёндашувлар ва инновацион ечимлар билан танишмоқда.
Хитой Савдо вазирлиги ҳамда Шимолий Хитой электр энергетика университети (NCEPU) ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу амалий сафардан кўзланган асосий мақсад халқаро тажрибани ўзлаштириш, соҳадаги билим ва кўникмаларни бойитиш ҳамда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат.

Хитой Халқ Республикасида ташкил этилган халқаро семинарда Энергетика вазирлиги тизими ходимлари ва Андижон давлат техника институти мутахассислари иштирок этмоқда. Унда ШҲТга аъзо давлатлар учун электр тармоқларини барпо этиш ва самарали бошқариш масалаларига асосий эътибор қаратилмоқда.
Тадбир доирасида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш имкониятлари, энергияни сақлаш тизимларини такомиллаштириш, шунингдек, инфратузилмани ривожлантиришга оид илғор тажрибалар ўрганилмоқда. Бу эса келгусида мамлакат энергетика тизимининг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Жанубий Кореяда эса Энергетика вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги масъул ходимлари иссиқхона хўжаликларида қўлланилаётган замонавий технологияларни ўрганмоқда. Хусусан, энергия тежамкор иситиш ускуналари, ресурслардан оқилона фойдаланиш, рақамли бошқарув тизимлари ва сунъий интеллект асосида иқлимни назорат қилиш механизмлари юзасидан амалий маълумотларга эга бўляпти.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, бундай халқаро мулоқот ва тажриба алмашинуви миллий энергетика тармоғига илғор ечимларни татбиқ этиш, мутахассислар салоҳиятини юксалтириш ҳамда хорижий ҳамкорлар билан алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА