Олий таълимда сифатни таъминлашни мустаҳкамлаш масалалари таҳлил этилди
Бизнес таълими анъанавий академик таълимдан бир қатор хусусиятлари билан ажралиб туради. Унинг асосий мақсади нафақат билим бериш, балки бозорда қўлланиладиган реал кўникмаларни шакллантиришдир.
Пойтахтимизда Association of MBAs &Business Graduates Association – AMBA & BGA (Бизнес бошқаруви ҳамда менежмент ва Бизнес таълим йўналиши ассоциацияси) билан ҳамкорликда “Ўзбекистон олий таълимида сифатни таъминлашни мустаҳкамлаш:AMBA & BGA тажрибалари” мавзусида халқаро семинар тренинг бўлиб ўтди.
Семинар ишида олий таълим ташкилотлари раҳбар вакиллари ва таълим сифатини таъминлашга масъул ходимлар, академик етакчилар ва халқаро экспертлар қатнашди.
Тадбирда эътироф этилганидек, мазкур семинар Ўзбекистон олий таълим тизимида сифатни таъминлаш, халқаро аккредитация стандартларини жорий этиш ҳамда бизнес таълимини ривожлантиришга қаратилган муҳим платформа саналади.
Семинар доирасида бизнес йўналиши бўйича олий таълимда сифатни таъминлаш, таълим дастурларини AMBA & BGA талаблари асосида халқаро аккредитациядан ўтказиш жараёнлари ҳақида тушунча, олийгоҳлар учун институционал ривожланиш стратегиялари, таълим дастурларини глобал стандартлар ва меҳнат бозори талабларига мослаштириш каби долзарб масалалар муҳокама этилди.
Иштирокчилар халқаро экспертлар билан бевосита мулоқот қилиш ва бизнес таълимидаги сўнгги ўзгаришлар ва талаблар ҳақида фикр алмашиш имконига эга бўлди.
Кун давомида бир неча сессиялар ташкил этилиб, улар доирасида халқаро тажрибалар, Британия бизнес мактаблари билан ҳамкорлик, таълимда сифатни таъминлаш механизмлари ҳамда инновацион ёндашувлар муҳокама этилди. Хусусан, Бизнес бошқаруви ҳамда менежмент ва Бизнес таълим йўналиши ассоциациясининг етакчи мутахассислари, бошқа бир қатор етакчи экспертлар ўз тақдимотлари билан қатнашиб, интерфаол савол-жавоблар, давра суҳбатлари ва муҳокамалар ўтказилди.
Шу билан бирга тадбир доирасида Бизнес бошқаруви ҳамда менежмент ва Бизнес таълим йўналиши ассоциациясига аъзо бўлган олий таълим ташкилотларига сертификатлар ҳам топширилди. Ушбу жараён Ўзбекистон олий таълим тизимининг халқаро даражада эътироф этилишида муҳим қадамлардан бири сифатида баҳоланмоқда.
[gallery-28737]
Айтиш керакки, AMBA & BGA дунёдаги энг етакчи халқаро аккредитация ташкилотларидан бири бўлиб, у бизнес бошқаруви ва менежмент соҳасида таълим сифатини ошириш, MBA (бизнес бошқаруви ва менежмент) дастурларини аккредитациядан ўтказиш ҳамда олий таълим ташкилотларини ривожлантиришга кўмаклашади. Ташкилот глобал миқёсда энг нуфузли аккредитация тузилмаларидан бири сифатида тан олинган.
Мазкур семинар-тренинг Ўзбекистон олий таълим тизимини халқаро стандартларга мослаштириш, таълим сифатини юксалтириш ва хорижий ҳамкорликни кенгайтириш йўлида муҳим аҳамият касб этади.
Н.Усмонова,
Ф.Абдурасулов (суратлар), ЎзА мухбирлари