Олий таълимда киберхавфсизлик кучайтирилади
Рақамлаштириш жадаллашаётган бугунги даврда киберхавфсизлик масаласи таълим тизими учун ҳам долзарб вазифага айланмоқда. Шу мақсадда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ҳузуридаги “Киберхавфсизлик маркази” ўртасида муҳим ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Учрашувда вазир Қўнғиротбой Шарипов ва “Киберхавфсизлик маркази” давлат муассасаси директори Олимжон Мирзаев иштирок этди.

Мулоқот давомида сўнгги йилларда таълим тизимида рақамлаштириш жараёнлари тезлашгани, шу билан бирга ахборот тизимлари ва муҳим маълумотлар базаларига қаратилган киберҳужумлар хавфи ҳам ортиб бораётгани таъкидланди. Томонлар ахборот инфратузилмасини ҳимоя қилишнинг замонавий ва самарали механизмларини жорий этиш масалаларини муҳокама қилди.
Имзоланган меморандум доирасида олий таълим тизими учун махсус “CERT-EDU” киберхавфсизлик бўлинмасини ташкил этиш режалаштирилган.

Шунингдек, ҳужжатда ахборот алмашинувини кучайтириш, талабалар амалиёти ва бандлигини таъминлаш, мутахассислар малакасини ошириш, ўқув дастурларини такомиллаштириш, илмий тадқиқотларни биргаликда ривожлантириш каби йўналишлар қамраб олинган.
Вазир Қўнғиротбой Шариповнинг таъкидлашича, мазкур ҳамкорлик нафақат тизимни техник жиҳатдан ҳимоя қилиш, балки меҳнат бозори учун киберҳимоя кўникмаларига эга, рақамли гигиенани яхши тушунадиган юқори малакали кадрлар захирасини шакллантиришга ҳам хизмат қилади.

Мутахассислар фикрича, рақамли хавфсизликни таъминлаш эндиликда ҳар бир таълим муассасаси учун стратегик аҳамиятга эга вазифалардан бирига айланмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА