Олий таълим тизимида трансформация: Президент фармони билан янги ислоҳотлар белгиланди
Мамлакатимиз олий таълимида кечаётган ислоҳотлар ёшларни тобора кўпроқ олий таълимга қамраб олиш, жамият ҳаётининг турли жабҳалари учун юксак малакали кадрлар тайёрлаш, тизимни халқаро таълим жараёнидаги энг яхши ва илғор тажрибалар билан бойитиш имконини бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 10 апрелдаги “Олий таълим, фан ва инновациялар тизимини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан таълимнинг ушбу тизимини янада ривожлантиришга оид муҳим чора-тадбирлар белгиланди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида бўлиб ўтган матбуот анжумани мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳиятига бағишлангани билан аҳамиятли бўлди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов мазкур ҳужжат мамлакатимизда илм-фан салоҳиятини ошириш, олий таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда инновацион иқтисодиётга ўтишни жадаллаштиришга хизмат қилишини эътироф этди.
[gallery-28760]
Фармонга мувофиқ, тизим тараққиётида янги — “5Т” тамойили (таълим, тарбия, тадқиқот, тижоратлаштириш ва тизимли такомиллаштириш) жорий этилади. Ушбу ёндашув олий таълим муассасалари фаолиятини комплекс ривожлантиришга қаратилган.
Шунингдек, “U10 – Ўзбекистоннинг глобал даражадаги илғор университетлари” дастури йўлга қўйилиб, илмий кластер асосида фаолият юритадиган 10 та олий таълим муассасасига миллий тадқиқот университети мақоми берилади.
Мазкур кластерлар олий таълим муассасалари, илмий ташкилотлар, нуфузли хорижий университетлар ва саноат корхоналари ҳамкорлигида шакллантирилади ҳамда ҳар бири 150 миллиард сўмгача молиялаштирилади.
Илмий кластер лойиҳалари халқаро Топ-300 рейтингга кирган олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда танлов асосида сараланади. Бунда профессор-ўқитувчилар салоҳияти, илмий база, халқаро рейтинглардаги ўрин ҳамда молиявий иштирок даражаси асосий мезон сифатида белгиланади.
2027 йил 1 январдан бошлаб олий таълим ташкилотлари фаолиятини баҳолашнинг янги — миллий рейтинг тизими жорий этилади. Рейтинг натижаларига кўра олийгоҳларни молиявий рағбатлантириш механизми йўлга қўйилади. Баҳолаш жараёнида таълим сифати, илмий фаолият, халқаро ҳамкорлик, рақамлаштириш даражаси ва битирувчиларнинг бандлиги каби кўрсаткичлар инобатга олинади.
Фармон билан давлат грантлари асосида бир нафар талабани ўқитиш харажатларини аниқлашнинг янги тартиби ҳам жорий этилмоқда. Унда профессор-ўқитувчилар юкламаси, моддий-техник база, устувор йўналишлар ва олийгоҳ рейтинги каби омиллар ҳисобга олинади.
Илмий фаолиятни қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат илмий дастурлари доирасида лойиҳаларни танлаш ва молиялаштиришнинг шаффоф тизими жорий этилиб, танловсиз молиялаштириш амалиётига чек қўйилади.
Таълим тизимини халқаро даражада интеграция қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, хорижий талабаларни қабул қилиш “Study in Uzbekistan” платформаси орқали амалга оширилади. Шунингдек, бакалавриатни хорижий тилда тамомлаган битирувчилар кейинги босқичга ҳужжат топширишда тил сертификатидан озод этилади.
Фармонга мувофиқ, Олий таълимни ривожлантириш ва глобал ҳамкорлик маркази ташкил этилиб, ҳар йили 500 нафаргача иқтидорли хорижий талабалар учун “Янги Ўзбекистон стипендияси” ажратилади.
Инновацион ривожланиш агентлиги фаолияти ҳам кенгайтирилиб, илмий лойиҳаларни саралаш жараёнларига босқичма-босқич сунъий интеллект технологиялари жорий этилади.
Шунингдек, Рақамли таълим ва сунъий интеллектни ривожлантириш маркази ташкил этилиб, таълим тизимида ягона рақамли экотизим шакллантирилади.
Вазирлик ҳузуридаги Ёшларнинг инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлаш офиси фаолияти “жалб этиш – саралаш – такомиллаштириш – молиялаштиришга тавсия этиш – жорий этиш” тамойиллари асосида ташкил этилади.
Фармон билан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига қатор қўшимча ваколатлар берилиб, олий таълим муассасаларининг мустақиллиги ва бошқарув самарадорлиги оширилади. Жумладан, қабул жараёнларини тасдиқлаш, ректор ва раҳбар кадрларни тайинлаш, академик жараёнларни тартибга солиш каби ваколатлар вазирлик зиммасига юклатилади.
Мазкур ҳужжат олий таълим тизимини замонавий талаблар асосида ривожлантириш, илм-фан ва инновацияларни иқтисодиёт билан узвий боғлаш ҳамда Ўзбекистоннинг глобал таълим маконидаги нуфузини ошириш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Қизиқарли ва самимий руҳда, жонли тарзда ўтган матбуот анжуманида медиа соҳа вакиллари олий таълимга оид турли муаммолар, долзарб масалалар бўйича ҳам ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.
Н.Усмонова,
А.Алижонов (суратлар),
ЎзА