“Оила шажарасини тузиш” бўйича давлат хизмати йўлга қўйилади
Архив - бу ҳужжатли мерос ҳисобланиб, қўлёзмалар, кутубхона фондлари, аудиовизуал материаллар ва рақамли ёзувлар инсониятнинг жамоавий хотираси ва меросининг муҳим пойдевори. У асрлар давомида билимлар, ижодий фаолият натижалари ҳамда жамиятларнинг ўзига хослигини сақлашни таъминлайди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда архив соҳасини рақамлаштириш, давлат хизматларини соддалаштириш ва аҳоли учун қулай электрон хизматларни жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бунда муҳим йўналишларидан бири - фуқароларга ўз аждодлари, қариндошлик ришталари ва оила тарихи ҳақида ишончли архив маълумотларини олиш имкониятини яратишдан иборат.
Шу мақсадда “Оила шажарасини тузиш” бўйича давлат хизмати йўлга қўйилмоқда. “Ўзархив” агентлиги ахборот хизмати раҳбари Анваржон Алиев бу бўйича қуйидагиларни маълум қилди.
–Ҳозирда аҳолига кўрсатилиши режалаштирилаётган янги ва долзарб давлат хизматларидан бири - оила шажарасини шакллантириш хизмати, яъни “Шажара” ахборот тизими.
Мазкур хизмат орқали фуқаролар ўз авлодлари ҳақидаги маълумотларни давлат архивлари, фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувлари ва бошқа расмий манбалар асосида аниқлаш имконига эга бўлади. Хизмат Ўзбекистон миллий архиви томонидан Давлат хизматлари марказлари, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда махсус “Шажара” ахборот тизими орқали кўрсатилади.
Фуқаролар давлат хизматидан икки усулда фойдаланишлари мумкин. Жумладан, давлат хизматлари марказларига шахсан мурожаат қилиш орқали ҳамда электрон шаклда ЯИДХП ёки “Шажара” ахборот тизими орқали.
Электрон мурожаатлар куну тун, яъни 24 соат давомида қабул қилиниши аҳоли учун янада қулайлик яратади. Мурожаат жараёнида фуқаролар махсус электрон сўровномани тўлдиради ҳамда мавжуд ҳужжатларни ПДФ, ПНГ ёки JPEG форматларида илова қилишлари мумкин. Зарур ҳолларда нотариал тасдиқланган ишончнома асосида учинчи шахс ҳам мурожаат қилиши мумкин.
Шунингдек, мурожаатларни тасдиқлашда замонавий идентификация воситалари - электрон рақамли имзо, Mobil-ID, дактилоскопия каби механизмлардан фойдаланиш имконияти яратилган. Ариза келиб тушганидан сўнг Ўзбекистон миллий архиви мутахассислари томонидан кенг қамровли ўрганиш ишлари амалга оширилади.
Хусусан, “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” маълумотлари таҳлил қилинади, давлат архивларида сақланаётган ҳужжатлар ўрганилади, туғилиш, никоҳ, вафот ва аҳоли рўйхатлари ҳақидаги маълумотлар солиштирилади, зарур ҳолларда манфаатдор идоралардан қўшимча маълумотлар сўралади ҳамда тарихчи олимлар ва мутахассислар жалб қилинади.
Натижада фуқаронинг оила дарахти шакллантирилади ва QR-код қўйилган расмий архив маълумотномаси тақдим этилади. Агар архив маълумотлари топилмаган бўлса, бу ҳақда ҳам расмий маълумотнома берилади.
Давлат хизмати босқичма-босқич амалга оширилади. Дастлаб ариза кўриб чиқилади ва хизматни амалга ошириш имконияти баҳоланади. Кейин эса белгиланган тартибда тўловнинг иккинчи қисми амалга оширилади.
Таъкидлаш жоизки, хизматни электрон шаклда олишда фуқаролар учун қўшимча енгилликлар яратилган бўлиб, ЯИДХП ёки “Шажара” тизими орқали мурожаат қилинганда белгиланган йиғимнинг 90 фоизи ундирилади.
Шу билан бирга, “Шажара” ахборот тизимини янада такомиллаштириш бўйича халқаро тажриба ҳам чуқур ўрганилмоқда.
Келгусида “Шажара” ахборот тизимида интерактив оила дарахтини шакллантириш архив ва тарихий маълумотлар базасида автоматик қидирув, шажарадаги шахсларга мос архив ёзувларини автоматик тавсия қилиш, бир нечта фойдаланувчининг битта шажара устида ҳамкорликда ишлаши, кўп тилли қидирув тизими, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш механизмлари ҳамда генетик ва этник келиб чиқишни таҳлил қилиш имкониятларини жорий этиш назарда тутилмоқда.
Бу эса фуқароларга нафақат ўз оила тарихини ўрганиш, балки миллий қадриятлар, аждодлар мероси ва тарихий хотирани сақлашга ҳам хизмат қилади. Шажара - бу фақатгина оила дарахти эмас, балки миллат тарихи, авлодлар давомийлиги ва маънавий меросни акс эттирувчи муҳим манба ҳисобланади.
Таъкидлаш жоизки, мазкур ташаббус давлатимиз раҳбарининг архив соҳасини рақамлаштириш ва аҳолига замонавий электрон хизматларни жорий этишга қаратилган ислоҳотларининг амалий давоми ҳисобланади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА