Янги Ўзбекистоннинг ватанпарвар, жонкуяр, юксак салоҳиятли журналистлари
Пойтахтимиздаги "Ўзбекистон" Халқаро анжуманлар саройида 27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан тантанали тадбир ҳамда "Олтин қалам" ХХ Миллий мукофоти учун халқаро танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Шу муносабат билан мазкур муҳташам саройга миллий медиа соҳаси равнақига муносиб ҳисса қўшган устоз журналистлар, фахрий ижодкорлар, барча турдаги оммавий ахборот воситаларида меҳнат қилаётган соҳа ходимлари таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига байрам табригини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг коммуникациялар департаменти раҳбари - Президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди.
Табрикда таъкидланганидек, фидойи, ватанпарвар, юксак салоҳиятли журналистларни давлатимиз раҳбари ҳамиша ўзига энг яқин маслакдош, жонкуяр дўст, деб билади. Бугунги шиддат билан кечаётган жараёнларни, янгиланишларни халқимизга етказишда, жамиятдаги мавжуд камчиликларни баралла айтишда, уларга ечим топишда оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерларнинг меҳнати беқиёс бўлмоқда. Айни пайтда бугунги тезкор давр миллий медиа соҳа вакилларидан замон руҳига ҳамнафас тарзда фаолият юритишни талаб этмоқда.
[gallery-30116]
Мана ўн йилдирки, мамлакатимиздаги оммавий ахборот воситалари мутлақо янги, мазмун ва шакл жиҳатдан ўзгача, илғор, замонавий формат асосида фаолият олиб бормоқда. Мамлакатимизда, жамиятда кечаётган барча жараёнлар матбуот саҳифалари, телевидение ва радио эфирларида тезкорлик билан, холис ва ҳаққоний ёритилмоқда. Интернет журналистикаси медиа соҳада энг пешқадам оммавий ахборот воситасига айланди. Айни пайтда журналистлар, кенг жамоатчилик томонидан кўтарилаётган долзарб масалаларга тезкорлик билан, ўз вақтида, аниқ ва ҳаққоний ечим топилмоқда.
Президентимиз томонидан ижод аҳли, шу жумладан, журналистларни фаол қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг куни кеча қабул қилган "Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармони матбуот ва оммавий ахборот воситалари, ноширлик соҳаси ходимларининг машаққатли меҳнатини қўллаб-қувватлаш ва эъзозлашнинг амалдаги яна бир ёрқин намунасидир.
Ушбу фармонга кўра, Ватанимизнинг орден ва медалларига муносиб топилган журналистлар ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг катта гуруҳига мукофотларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева топширди.
Тантанали тадбирда сўзга чиққан «ТАСС» ахборот агентлигининг Ўзбекистондаги мухбири Валерий Бирюков, «Янги Ўзбекистон» газетаси таҳририятининг ижтимоий-сиёсий ҳаёт ва ҳуқуқ бўлими катта мухбири Лутфулла Сувонов, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг «O‘zbekiston 24» ижодий бирлашмаси муҳаррирлар гуруҳи бош муҳаррири Акбарали Аллаев миллий журналистикани муттасил равнақ топтириш йўлидаги эътибори ва амалий ғамхўрлиги учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.
Тантанали тадбирда "Олтин қалам" ХХ Миллий мукофоти учун халқаро танлови ташкилий воситаси раиси, Ўзбекистон журналистлари уюшмаси раиси Шуҳрат Орипов ижодий танлов учун келиб тушган ижодий ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.
[gallery-30117]
Тадбирда халқаро танловнинг ғолиб ва совриндорларига мукофотлар топширилди.
"Олтин қалам" ХХ Миллий мукофоти учун халқаро танловда Бош миллий мукофотга “Ўзбекистон 24” телеканали "Таҳлилнома" ахборот-таҳлилий жамоаси сазовор бўлди. Жамоа Президент совғаси “BYD Chazor” автомобили, махсус статуэтка ва дипломи билан тақдирланди.
- Бу мукофот жамоамиз зиммасига улкан масъулият юклайди, - деди Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг «O‘zbekiston 24» ижодий бирлашмаси муҳаррирлар гуруҳи бош муҳаррири ва бошловчиси Улуғбек Раҳмонқулов. – Юртимизда кечаётган ўзгаришларни қиёсий-таҳлилий асосда етказиб бериш борасида астойдил фаолият кўрсатамиз. Кечаги журналистика ва бугунги медиа ўртасида жуда катта тафовут бор. Буларнинг барчаси давлатимиз раҳбарининг миллий матбуот ривожига кўрсатаётган эътибори натижаси, деб биламан.
Назокат Усмонова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА мухбирлари