Назорат кучайтирилди: 60 гектар уруғлик майдонида камчиликлар аниқланди
Қишлоқ хўжалигида дон ва дон маҳсулотларига бўлган талабнинг ортиб бориши аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, шунингдек, ички бозор барқарорлигини сақлашда уруғчилик тизимининг ўрнини янада оширмоқда. Айниқса, бошоқли дон экинлари бўйича юқори ҳосилдорликка эришиш учун сифатли уруғлик дон етиштириш ва уни қатъий назорат қилиш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Шу мақсадда 2026 йил ҳосили учун уруғлик дон етиштириш ҳуқуқини қўлга киритган хўжаликлар фаолияти қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ваколатли инспекция томонидан доимий назоратга олинган. Уруғлик ғалла етиштириш жараёнида агротехник талабларнинг бажарилиши, нав тозалиги ва фитосанитар ҳолат алоҳида мониторинг қилинмоқда.
Хусусан, Тошкент вилоятининг 11 та туманида танлов асосида сараланган 159 та фермер хўжалиги, кластер, илмий-тадқиқот институтлари ҳамда элита уруғчилик хўжаликлари томонидан жами 9 минг 246 гектар майдонда 12 та нав бўйича 25 минг 763 тонна сифатли уруғлик дон етиштириш режалаштирилган. Ушбу майдонлар таркибида кўпайтириш кўчатзорлари, супер элита ва элита авлодли уруғлик майдонлари ҳам мавжуд бўлиб, улар юқори сифатли уруғлик базасини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Мутасадди органлар томонидан ўтказилган тизимли мониторинг ишлари давомида уруғлик майдонларида барча агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши, экинларнинг ривожланиш босқичлари ҳамда фитосанитар ҳолати доимий ўрганиб борилмоқда. Шу билан бирга, ўсимликларни қўшимча озиқлантириш, касалликларга қарши курашиш ва ҳосилдорликни оширишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ўрганишлар натижасида 2 та субъектга тегишли жами 60 гектар уруғлик майдонлари белгиланган талабларга жавоб бермагани сабабли уруғчилик тизимидан чиқарилди. Бу ҳолат уруғчиликда сифат назоратини янада кучайтириш заруратини кўрсатмоқда.
Ҳозирги кунда уруғлик ғалла майдонлари бошоқлаш фазасида ривожланмоқда. Экинларнинг ўсишини жадаллаштириш ва касалликларга чидамлилигини ошириш мақсадида азотли ўғитлар ҳамда биостимуляторлардан фойдаланилган ҳолда барг орқали озиқлантириш ишлари олиб борилмоқда.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, уруғчилик тизимида қатъий назорат ва замонавий агротехнологияларнинг жорий этилиши келгуси йил ҳосили учун юқори сифатли дон етиштириш имконини беради.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА