Тошкентда пиёдалар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда
Айни кунларда пойтахтимизда йўл инфратузилмасини янгилаш ва хавфсизликни таъминлаш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Мазкур ташкилий ишлар ҳар бир туманда амалга оширилмоқда. Белгиланган вақт давомида нафақат асфальтлаш ишлари, балки йўл белгилари, чизиқлар, бордюрлар ва жамоат транспорти бекатлари ҳам янгиланади.
Хусусан, пиёдалар учун қулай муҳит яратиш ва автотранспортдан холи ҳудудларга устуворлик бериш бўйича ишлар доирасида Тошкент шаҳар Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази томонидан автотураргоҳларни шаҳар бошқарувининг ягона тизимига интеграция қилиш бўйича тажриба лойиҳаси амалга оширила бошланди.
Шу пайтгача одамлар гавжум объектлар яқинидаги тартибсиз автотураргоҳлар асосий муаммолардан бири бўлиб қолаётган эди. Автомобиллар пиёдалар йўлакларида, ўтиш йўллари бўйлаб ва биноларга кириш қисмларига қўйилиб, бу ўтиш йўлларининг торайиши, кўришнинг чекланиши ва хавфсизлик даражасининг пасайишига олиб келаётган эди.
Лойиҳада пиёдалар учун хавфсиз ва қулай шаҳар муҳитига устуворлик бериш ҳамда автотураргоҳ майдонини тизимли равишда тартибга солиш назарда тутилган.
Ташаббус доирасида савдо ва сервис объектлари ёнидаги хусусий ерусти автотураргоҳлари ягона шаҳар бошқарув тизимига уланмоқда. Бу автотураргоҳ ўринларининг шаффоф ҳисобини юритиш, уларнинг бандлигини назорат қилиш ва фойдаланишнинг тушунарли тизимини шакллантириш имконини беради.
Тошкент шаҳар Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази ягона қоидаларни жорий этиб, тизимли назоратни таъминлайди ва шу орқали автотураргоҳ майдонини ташкил этишдаги бетартибликка барҳам беради.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, лойиҳа тажриба тариқасида амалга оширилмоқда, кейинчалик унинг самарадорлиги баҳоланиб, жамоатчилик муҳокамаси натижаларига кўра кўламини кенгайтириш имконияти кўриб чиқилади.
Бундан ташқари, лойиҳа амалга оширилаётган туманларнинг йўл инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтириладиган қўшимча даромад манбаи шакллантирилмоқда.
Тошкент шаҳар Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази мутахассисларининг таҳлилларига кўра, фаоллик юқори бўлган ҳудудларда автомобилларнинг 20-30 фоизи қоидабузарлик билан тўхтайди. Бунда пиёдалар йўлаклари қисман транспорт воситалари ва бошқа тўсиқлар билан банд бўлиб, бу уларнинг ўтказувчанлик қобилиятини 40-60 фоизгача пасайтириши мумкин.
Тирбанд ҳудудларда транспорт оқимининг 30 фоизгача, айрим жойларда эса 40 фоизгача қисми тўхташ жойини излаш ҳисобига юзага келади. Жаҳон тажрибаси автотураргоҳ майдонини рақамли ва марказлаштирилган тарзда бошқариш самарали эканини тасдиқлайди: мустақил ҳисоб-китобларга кўра, ягона рақамли тизимлар тўхташ жойини излаш вақтини 43 фоизгача, босиб ўтилган масофани эса 30 фоизга қисқартириш имконини беради.
Пойтахтимизда транспорт инфратузилмасини яхшилаш ва замонавий бекатларни ташкил этиш ишлари доирасида ақлли бекатлар ва замонавий инфратузилма қулайликлари яратилмоқда.
Хўш, бу ўзгаришлар йўловчиларга қанчалик қулайлик яратади?
–Бугунги кунда пойтахтимизда транспорт воситаларининг сони ортиб бормоқда, – дейди ЙПХ катта инспектори Сарвар Йўлчибоев. – Шу боис сўнгги йилларда йўл инфратузилмасини рақамлаштириш йўллардаги транспорт ҳаракатланишини реал вақт режимида таҳлил қилиб, чироқларни сунъий интеллект орқали ёниш вақтини автоматик равишда белгилайди. Бу билан яшил тўлқин тамойили самарали йўлга қўйилиб, чорраҳалардаги тўхтаб қолиш ҳолатларининг олдини олади. Шаҳарнинг бундай замонавий тарзда тартибга солиниши аҳолининг кундалик ҳаракатланиш фаолиятига ҳам қулайлик туғдиради.
Шунингдек, жамоат транспорти тизимини янада такомиллаштириш, йўловчилар учун хавфсиз ва қулай шароит яратиш мақсадида бекатлар атрофидаги айрим савдо нуқталари босқичма-босқич бошқа жойларга кўчирилмоқда.
Мазкур ишлардан асосий мақсад йўловчилар учун эркин ва хавфсиз ҳаракатни таъминлаш ҳамда бекатларни замонавий кўринишда ташкил этишдан иборат.
Шу билан бирга, тадбиркорлар фаолиятини давом эттириши учун муқобил ер майдонлари ажратиш ишлари олиб борилмоқда.
Гулноза Бобоева, ЎзА