Назорат: 12 та хавфли ишлаб чиқариш объектида ишлар вақтинча тўхтатилган
Ер ости бойликлари мамлакат иқтисодиётининг муҳим табиий ресурсларидан бири ҳисобланади. Уларни қонуний ва оқилона ўзлаштириш, ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш ҳамда саноат хавфсизлигини таъминлаш соҳадаги устувор вазифалардан саналади.
Айнан шу масалалар Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси ҳамкорлигида ташкил этилган матбуот анжуманида муҳокама қилинди. Унда 2026 йилнинг тўққиз ойида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифалар ҳақида маълумот берилди.
Дастлаб Инспекция бошлиғи ўринбосари Омонулла Зарипов саноат хавфсизлиги ва ер ости сувларидан фойдаланиш устидан назорат натижаларига тўхталди.
Унинг таъкидлашича, ҳисобот даврида саноат хавфсизлиги йўналишида 295 та назорат тадбири ўтказилиб, норматив талабларнинг 3 675 та бузилиши аниқланган. Камчиликларни бартараф этиш бўйича 331 та ёзма кўрсатма берилган, 12 та хавфли ишлаб чиқариш объектида ишлар вақтинча тўхтатилган.

Шунингдек, хавфли ишлаб чиқариш объектларида 18 та бахтсиз ҳодиса қайд этилган. Ер ости сувларидан фойдаланиш бўйича ўрганишларда эса рухсатномасиз ва тегишли ҳужжатларсиз фаолият юритиш билан боғлиқ 63 та ҳолат аниқланган.
Назорат самарадорлигини ошириш мақсадида конларга олиб борувчи йўлларда 94 та кузатув камераси ўрнатилиб, 115 та тадбиркорлик субъекти махсус дастурга уланган.
Шундан сўнг Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг Кон-геология назорати ва норуда хомашёси бўлими бошлиғи Баҳодир Раҳимов ер қаъридан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларига қарши курашиш ва табиий ресурсларни муҳофаза қилиш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берди.
– Фойдали қазилмалар мамлакатимизнинг муҳим табиий бойлигидир. Уларни ўзлаштиришда қонунийликни таъминлаш, қазиб олиш ҳажмларини тўғри ҳисобга олиш ва яширин иқтисодий айланмаларнинг олдини олиш муҳим вазифамиз ҳисобланади.
2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида ер қаъридан фойдаланиш соҳасида 576 та назорат тадбири ўтказилган. 235 та текширув натижасида 5,3 миллион куб метр фойдали қазилма ноқонуний қазиб олингани аниқланган. Давлат ва жамият манфаатларига етказилган зарар 106 миллиард сўмни ташкил этган.

Солиқ қўмитаси билан ҳамкорликда олиб борилган ишлар натижасида давлат бюджетига 10,2 миллиард сўм қўшимча солиқ тушумлари ундирилган. Қонунбузилишларга йўл қўйган тадбиркорлик субъектларига тегишли 117 та рухсатнома юзасидан судларга даъво аризалари киритилиб, 43 таси муддатидан олдин бекор қилинган, – деди Б.Раҳимов.
Ноқонуний қазиб олиш ҳолатларини аниқлашда космик мониторинг имкониятларидан ҳам фойдаланилмоқда. “Ўзбеккосмос” агентлиги билан ҳамкорликда 2025 йилда тақдим этилган 2 261 та ҳолатдан 1 444 таси ўрганилиб, 195 та юридик шахс томонидан 4,5 миллион куб метр норуда фойдали қазилма қазиб олингани аниқланган.
Матбуот анжуманида давлат назоратини рақамлаштириш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Жумладан, “E-Yer Qa’ri Nazorati” ягона ахборот тизимини яратиш ишлари олиб борилмоқда. 11 та модулни қамраб олувчи платформани 21 та давлат идорасининг ахборот ресурслари билан интеграция қилиш режалаштирилган. Тизим орқали текширувларни рўйхатга олиш, далолатномаларни расмийлаштириш ва назорат натижаларини кузатиш жараёнларини ягона электрон муҳитга ўтказиш кўзда тутилган.
Матбуот анжумани якунида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга масъуллардан батафсил жавоб олди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА