Куз – гўзаллик ва саховат фасли
Куз – табиат олтин тусга бурканиб, боғу роғлар мўл ҳосилга тўладиган, бозорлар тўкин-сочинлик касб этадиган файзли фасл. Унинг ҳар бир манзарасида ўзгача тароват, ҳар бир неъматида эса она замин саховати ва миришкор деҳқонлар меҳнатининг самараси мужассам.
Айни кунларда Фарғонада кузнинг бетакрор гўзаллигини ҳар қадамда ҳис этиш мумкин. Боғларда пишиб етилган олтинранг беҳилар, шохларда товланиб турган зарғалдоқ хурмолар табиат манзараларига ўзгача жозиба бағишламоқда. Ҳосил оғирлигидан эгилган дарахт шохлари, меваларнинг хушбўй ифори кузнинг саховатли фасл эканини яна бир бор намоён этади.
Фарғона шаҳри кўчалари ва хиёбонларида ҳам кузнинг ўзига хос таровати ҳукмрон. Сарғайишга юз тутган дарахт барглари, хазонрезги ва сокин манзаралар шаҳар қиёфасига алоҳида файз бағишламоқда. Дарахтлар орасидан таралаётган қуёш нурлари, олтин ва зарғалдоқ ранглар уйғунлиги кўнгилларга завқ, қалбларга хотиржамлик улашади.
Бозорлардаги файзу барака эса кузнинг яна бир ўзига хос манзарасидир. Пештахталарни тўлдирган турфа мевалар, ширин хурмолар, хушбўй беҳилар ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари юртимиз заминининг саховати, деҳқону боғбонларимизнинг йил давомидаги машаққатли меҳнати самарасидан далолат беради.
[gallery-32235]
Дарҳақиқат, куз нафақат табиатнинг гўзал фасли, балки мўл-кўлчилик, ризқ-рўз ва барака тимсолидир. Унинг ҳар бир рангида нафосат, ҳар бир неъматида меҳнат қадри, ҳар бир манзарасида эса ўзига хос файз мужассам.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА