Навоийшунос олимнинг 100 йиллигига бағишланди
Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, филология фанлари доктори Азизхон Қаюмов таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан Гулистон давлат университетида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
1926 йил 19 январь куни Қўқон шаҳрида таваллуд топган Азизхон Қаюмов ўзбек адабиётшунослигида, хусусан, Алишер Навоий ижодини ўрганишда янги илмий ёндашувларни шакллантирган, навоийшуносликни янги босқичга кўтарган етук олим сифатида эътироф этилади.

Тадбирни олиб борган университетнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Козим Қудратов олимнинг серқирра фаолияти, давлат ва жамоат ишларидаги хизматлари ҳамда илм-фан тараққиётига қўшган улкан ҳиссасини алоҳида таъкидлади.

Ўзбек адабиётшунослиги кафедраси профессори Музаффар Маматқуловнинг маърузасида Азизхон Қаюмовнинг бой илмий мероси, айниқса, навоийшунослик соҳасидаги фундаментал тадқиқотлари атрофлича ёритилди. Шунингдек, филология факультети декани Ғулом Шайзаков ҳамда кафедра доценти Ойбек Нормуродовлар ҳам олимнинг илмий мактаби, унинг замонавий адабиётшунослик тараққиётидаги ўрни ҳақида фикр билдирдилар.
Таъкидлаш жоизки, Азизхон Қаюмовнинг асосий илмий изланишлари Қўқон адабий муҳитини ўрганишга қаратилган бўлиб, у мазкур йўналишда фундаментал тадқиқотлар яратди. Олимнинг «Махмур» (1956), «Ҳозиқ» (1957), «Ғозий» (1959), «Садди Искандарий» (1975), «Алишер Навоий» (1976, 1991), «Ҳайрат ул-аброр» (1977), «Фарҳод ва Ширин сирлари» (1979), «Нодир саҳифалар» (1991), «Бу оҳанг ила бўлғайсен Нақшбанд» (1993) каби асарлари, айниқса, Алишер Навоий ҳаёти ва ижодий меросини чуқур ўрганишда муҳим илмий манба бўлиб хизмат қилди.
Шу билан бирга, олим манбашунослик соҳасида ҳам самарали иш олиб бориб, кўплаб ўзбек мумтоз шоирларининг асарларини илмий асосда нашрга тайёрлади ва кенг китобхонлар оммасига етказди.

Олимнинг кўп йиллик самарали меҳнати муносиб эътироф этилиб, у Беруний номидаги Ўзбекистон давлат мукофоти лауреати бўлди, шунингдек, «Шуҳрат» медали ва «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланди.

Кечада филология факультетининг 1-босқич талабалари фаол иштирок этиб, олим ҳаёти ва ижодига бағишланган чиқишлар, шеърий композициялар орқали тадбир мазмунини янада бойитдилар.
Мухтасар айтганда, мазкур тадбир буюк олим хотирасини ёд этиш, унинг бой илмий-маънавий меросини кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни илм-фан ва маърифат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири