“Менинг боғим” лойиҳасида жамоатчилик иштироки муҳим (+видео)
Шу кунларда республикамиз бўйлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт кўчатларини ўтқазиш амаллари кенг қулоч ёзмоқда. Шунингдек, жамоатчилик фикри ва овоз бериш орқали барпо қилинадиган боғлар ва яшил зоналар “Менинг боғим” лойиҳаси доирасида шаҳар ва қишлоқларимизга ўзгача бир кўрк бағишлаб келмоқда.
Шу йилнинг 21 апрель кунидан бошлаб аҳолининг ўз ҳудудида яшил боғлар ташкил этилиши учун овоз бериш жараёнлари бошланади. Бу борада жорий йилда кўплаб янгиликларни тадбиқ этилиши кўзда тутилган. Президентимизнинг 2026 йил 7 апрель куни ПФ-56 сон фармони имзоланди ва бу ҳужжат ҳам лойиҳа имкониятларини кенгайтиришга қаратилгандир.
Шу ва соҳадаги ўзгаришлар ҳақида Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги бош мутахассиси Жасурбек Раҳимов билан суҳбатлашдик.
- Айтингчи, Президент фармони қабул қилганидан сўнг “Менинг боғим” лойиҳасида қандай ўзгаришлар рўй берди?
- Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 26 мартдаги 156-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2024 йилда 208 та туман ва шаҳарларда энг кўп овоз тўплаган лойиҳалар танлаб олиниб, 209 та “яшил боғ” ва “яшил жамоат парклари” барпо этилди. 2026 йилда “Менинг боғим” лойиҳаси доирасида республикамизнинг 208 та туман ва шаҳарларидан 617 та таклифлар Экология қўмитасига келиб тушди. Келиб тушган таклифлар Иқтисодиёт ва молия вазирлигига юборилди. 2026 йил 1 апрелдан 10 апрелгача маҳаллалардан келиб тушган таклифлар рўйхатга олиш босқичига киритилди. Экология қўмитаси томонидан ҳудудлардан келиб тушган лойиҳалар сараланиб, Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этилди. “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида улар рўйхатга олинди. 11 апрелдан 20 апрелгача лойиҳаларни саралаш босқичи бўляпти. 21 апрелдан 30 апрелгача овоз бериш босқичи ўтказилади ва ҳар бир ҳудуд кесимида бир лойиҳа ғолиб бўлади. Ҳар бир лойиҳа учун республика бюджетидан 250 миллион сўмдан маблағ ажратиляпти.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/tBPkK1kMEhg" title="“Mening bog‘im” loyihasida jamoatchilik ishtiroki muhim" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Ойбек Давронов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА