Навоий вилоятида “яшил” техникум ташкил этилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 8 сентябрдаги “Навоий вилояти “яшил” техникуми фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Навоий вилоятида “яшил” техникум фаолияти йўлга қўйилмоқда.
Мазкур ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 25 мартдаги “Эко-маданият” умуммиллий лойиҳаси доирасида экологик таълим, илм-фан ва тарғиботни жадаллаштиришга оид комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан белгиланган “Эко-маданият” умуммиллий лойиҳаси мақсадлари билан ҳамоҳанг бўлиб, экологик таълимни ривожлантириш, ёшларни замонавий билим ва касбий кўникмалар билан таъминлаш ҳамда “яшил” иқтисодиёт учун малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган.
- Бугун меҳнат бозорида замонавий технологияларни тушунадиган, инновацион ёндашувга эга, экологик масъулиятни ҳис қиладиган малакали мутахассисларга эҳтиёж сезилмоқда. “Яшил” техникумнинг ташкил этилиши эса ана шу эҳтиёждан келиб чиқади, - дейди техникум директори Нурали Болтаев. - Техникумда “яшил” иқтисодиёт учун замонавий ва малакали ўрта бўғин кадрларини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилади. Бу ерда ёшларга энергиядан самарали фойдаланиш, табиий ресурсларни асраш ва улардан оқилона фойдаланиш, чиқиндиларни бошқариш, экологик хавфсизлик, замонавий “яшил” технологиялар, экологик маданият ва масъулият бўйича назарий билимлар билан бир қаторда амалий кўникмалар ҳам берилади.
“Яшил” технологияларни жорий этган корхона ва ташкилотлар билан дуал таълим тизими йўлга қўйилиб, ўқувчиларнинг бир вақтнинг ўзида таълим олиши ва ишлаб чиқариш жараёнида амалий тажриба орттириши учун имконият яратилади. Корхоналарнинг буюртмалари асосида кадрлар тайёрлаш, ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш ва мутахассисларнинг стажировкасини йўлга қўйиш орқали таълим муассасаси, ўқувчи ва иш берувчи ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилади.
“Яшил” техникумда нуфузли хорижий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда қўшма дастурлар асосида мутахассислар тайёрлаш режалаштирилган. Шунингдек, 2027/2028 ўқув йилидан халқаро таълим дастурини жорий этиш бўйича чоралар кўрилади. Бу эса ёшларни халқаро талаблар асосида тайёрлаш, уларнинг касбий салоҳиятини ошириш ва меҳнат бозорида рақобатбардошлигини таъминлаш учун янги имкониятлар яратади.
Таълим жараёнига соҳада фаолият юритаётган тажрибали мутахассислар, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва хорижий экспертлар жалб этилади.
Техникумга умумий ўрта таълим мактаблари битирувчилари белгиланган тартибда давлат гранти ва тўлов-контракт асосида қабул қилинади. 2026/2027 ўқув йили учун техникумга қабул муддати 2026 йилнинг 1 октябрига қадар узайтирилган. “Яшил” техникум Навоий вилояти, Кармана тумани, “Дўрмон” МФЙда жойлашган Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети - Green University биносида фаолият олиб боради.
А.Бўриев, ЎзА мухбири