Талабалар учун молиявий саводхонлик бўйича маҳорат дарслари
“Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти томонидан “World Savings Day – 2026” (Бутунжаҳон жамғариш куни) лойиҳаси доирасида Тошкент давлат шарқшунослик университетида маҳорат дарслари ташкил этилди.
Тадбир талабаларнинг молиявий саводхонлигини ошириш, уларни банк-молия соҳасидаги замонавий имкониятлар билан таништириш ва касбий ривожланишига кўмаклашишга қаратилди.
Маҳорат дарсларида банк вакиллари Гулбаҳор Эргашева, Фирдавс Акмалов ва Шаҳзод Ахматов молиявий билимлар, халқаро ҳамкорлик ҳамда банк соҳасида меҳнат фаолиятини бошлаш имкониятлари ҳақида маълумот берди.
Хусусан, хорижий кредит линияларининг мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш, инвестиция жалб этиш ва истиқболли бизнес лойиҳаларини молиялаштиришдаги ўрни хусусида сўз юритилди. Талабаларга банк тизимида халқаро молиявий ҳамкорликни йўлга қўйиш жараёнлари амалий мисоллар асосида тушунтирилди.
Шунингдек, банкнинг “Келажакка қадам” дастури, ёш мутахассислар учун яратилган имкониятлар, амалиёт ва стажировка ўташ тартиби ҳақида батафсил маълумот берилди.
Тадбирда молиявий саводхонлик шахсий маблағларни оқилона бошқариш, молиявий қарорлар қабул қилиш ҳамда тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Очиқ мулоқот давомида талабалар банк фаолияти, халқаро молиявий ҳамкорлик, стажировка ўташ ва ишга жойлашиш имкониятларига оид саволларига жавоб олди.
[gallery-32207]
Маҳорат дарслари ёшларнинг банк-молия тизими ҳақидаги билимларини бойитиш, назарий билимларини амалиёт билан боғлаш ва келгусидаги касбий фаолиятини режалаштиришига хизмат қилди.
Камола ЮСУПОВА,
Носиржон ҲАЙДАРОВ (сурат), ЎзА