Наманганлик тадбиркор Авазбек Абдуллаев давлатимиз раҳбарининг ғамхўрлигидан хурсанд
Республикамизда бу йилги куз-қиш мавсумида барқарор энергия ресурслари, шу жумладан, табиий газ етиб бормаган ҳудудлар аҳолисини кўмир ёқилғиси билан таъминлаш борасида тизимли ишлар олиб борилаётир. Эътиборли томони шундаки, бу йил кўмир таъминотида янги тартиб жорий этилди. Яъни, аҳолига кўмир етказиб беришда тадбиркорлар ҳам жалб қилинди.
Хусусан, Наманганда бугунги кунда 11 та тадбиркорлик субъекти вилоят ҳокимлиги томонидан рўйхатга олиниб, уларга биржа савдоларида иштирок этиш ҳуқуқи берилгани мақтовга сазовор. “BEK KON-TA'MINOT” масъулияти чекланган жамияти аҳолига кўмир етказиб бераётган ана шундай тузилмалардан бири. Фидойи тадбиркор, ана шу жамият раҳбари Авазбек Абдуллаев олиб бораётган ибратли ишлар ҳам таҳсинга лойиқдир.
‒ Маҳаллий кўмирни биржадаги алоҳида ажратилган савдо майдончалари орқали харид қилиб, аҳолига етказиб бераяпмиз, ‒ дейди тадбиркор. ‒ Ангрен конларидан юклаб юборилаётган кўмирнинг сифати яхши, бундан аҳоли ҳам мамнун.
Авазбек Абдуллаев қарийб 25 йилдан буён кўмир савдоси билан шуғулланади. Шу вақтга қадар Қирғизистон ва Қозоғистондан кўмир олиб келиб, Уйчи туманидаги истеъмолчилар талабини қондиришга ҳисса қўшган. Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 30 июлдаги қарори эса уни аҳолини маҳаллий кўмир билан таъминлаш ишларида фаол иштирок этишга ундади.
Тадбиркор ихтиёрида кўмир сақлаш учун махсус омбор, автоюклагич, автотарози ва хонадонларга ёқилғи етказиб бериш учун транспорт воситалари мавжуд. Энг муҳими, унинг бу соҳада етарли тажрибаси бор. Туман ҳокимлигининг хулосаси асосида корхона тегишли рўйхатга киритилиб, аҳоли учун мўлжалланган кўмирни биржа савдолари орқали харид қилиш ва тарқатиш имкониятига эга бўлган.
Айни пайтда биржадан харид қилинган кўмир аҳолига Mycoal.uz платформаси орқали сотилмоқда.
“Ўзбеккўмир” АЖдан етказиб берилаётган ёқилғи сифати ҳақида сўраганимизда, тадбиркор мамнунлигини яширмади. Унинг таъкидлашича, бу йил Ангрен кончилари кўмир сифатига алоҳида эътибор қаратишмоқда. Ҳатто ёқилғини юклаш жараёнини кузатиш учун ҳам имконият яратилган.

‒ Кўмир ортиладиган куни ишончли вакилларимиз конда ҳозир бўлади. Юклаш жараёнини ўзимиз кузатиб борамиз. Бу эса маҳсулот сифатига ишончимизни оширмоқда. Эндиликда сифат борасида эътирозларга ўрин қолмаяпти, ‒ дейди Aвазбек Абдуллаев.
Биз омборда кўмир харид қилаётган аҳоли вакиллари билан ҳам суҳбатлашдик. Уйчи туманида яшовчи Кимёхон Хўжабекова оиласи учун Mycoal.uz платформаси орқали беш тонна кўмирга буюртма берган.
‒ Бугун навбатим келгани ҳақида СМС-хабар олдим. Омборга бориб, кўмирнинг сифати ва нархини кўрмоқчи бўлдим. Маъқул келмаса, 15 чақирим наридаги ‒ Учқўрғон туманидаги омборга боришни ҳам ўйлагандим. Аммо бу ердаги кўмирнинг сифати ҳам, нархи ҳам маъқул келди. Қолаверса, кўмирни уйимизга арзон нархда етказиб беришар экан. Кўчадан транспорт ёллаш анча қимматга тушарди, ‒ дейди у.
Ҳа, куз-қиш мавсумида аҳолини кўмир билан узлуксиз таъминлашга тадбиркорларнинг жалб этилиши ўзининг дастлабки самараларини бермоқда. Кўмир саноатига бозор механизмларининг жорий этилиши ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулот сифати учун масъулиятини оширишга, тадбиркорларни эса аҳолига сифатли маҳсулотни ўз вақтида етказиб беришга ундамоқда. Истеъмолчиларда танлов имконияти пайдо бўлди.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 июлдаги 418-сон қарори билан кўмир саноатида бозор механизмларини жорий этишнинг ҳуқуқий асослари белгиланди. Янги тартибга кўра, аҳоли ва бюджет ташкилотларини маҳаллий кўмир билан барқарор таъминлаш мақсадида кўмир маҳсулоти биржа савдоларида алоҳида савдо майдончалари орқали етказиб берувчи тадбиркорларга сотилади. Аҳолига кўмир сотиш эса Mycoal.uz электрон платформаси орқали амалга оширилади. Ушбу механизм соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, истеъмолчиларга кўмир етказиб берувчини танлаш имкониятини яратиш ва таъминот тизимининг самарадорлигини оширишга қаратилган.
Жовли Хушбоқов,
ЎзА мухбири