“Эл-юрт умиди” жамғармаси имкониятлари наманганлик ёшларга тақдим этилди
Мамлакатимизда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг нуфузли хорижий олий таълим муассасаларида таҳсил олиши ва халқаро тажриба орттириши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Бу борада “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан ҳудудларда ташкил этилаётган учрашувлар муҳим аҳамият касб этмоқда.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси кунлари доирасида Наманган вилоятида ҳам қатор учрашувлар ташкил этилди. Уларда талаба ва ўқувчиларга халқаро стипендия дастурлари, танловларда иштирок этиш шартлари ҳамда хорижий олий таълим муассасаларида таҳсил олиш имкониятлари юзасидан батафсил маълумот берилди.
Жумладан, Тошкент кимё халқаро университетининг Наманган филиалида вилоят олий таълим муассасалари талабалари билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Юзма-юз ва онлайн шаклда ўтказилган учрашувда чекка ҳудудлардаги ёшлар ҳам иштирок этиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Мулоқотда жамғарма вакиллари хорижнинг нуфузли университетларида таҳсил олиш, стипендия танловларида қатнашиш тартиби, номзодларга қўйиладиган талаблар ва саралаш босқичлари юзасидан батафсил тушунча берди.
Шунингдек, Наманган шаҳридаги Президент мактаби ўқувчилари билан ҳам учрашув ўтказилди. Унда ёшларнинг иқтидор ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, келгусидаги таълим йўналишини тўғри танлаш ҳамда халқаро стипендия дастурларидан самарали фойдаланиш масалаларига эътибор қаратилди. Ўқувчиларга хорижий университетларга ўқишга кириш ва танловларда муваффақиятли иштирок этиш бўйича тавсиялар берилди.
Таъкидланганидек, 2018–2025 йилларда “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали қарийб 2 минг 300 нафар ўғил-қиз дунёнинг 40 га яқин мамлакатига халқаро тажриба орттириш учун юборилган. Уларнинг 1 минг 600 нафардан зиёди юртимизга қайтиб, турли соҳаларда фаолият юритмоқда.
2025–2026 йилларда ўтказилган очиқ стипендия танловларида 447 нафар ёш жамғарма стипендияси ғолиби бўлган. Уларнинг 80 фоизи дунёнинг энг нуфузли 100 та университети қаторига кирувчи олий таълим муассасаларига қабул қилинган.
[gallery-31997]
Тадбирлар давомида жамғарманинг асосий вазифалари, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш йўналишлари ҳамда бу борада белгиланган вазифалар ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Намангандаги учрашувлар ёшларнинг халқаро таълим имкониятлари ҳақидаги тасаввурларини кенгайтириш, уларни ўз олдига аниқ мақсадлар қўйишга ундаш ҳамда келгусида малакали мутахассис бўлиб етишишига хизмат қилади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА