Наманганлик аёл 46 йил деганда туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномага эга бўлди
Фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, бузилган ҳуқуқларини тиклаш, уларни бир неча йиллардан бери қийнаб келаётган муаммоларини ҳал этишда адлия органларининг ўрни ва аҳамияти беқиёс.
Гап шундаки, Наманган шаҳри таркибидаги Давлатобод туманида истиқомат қилувчи фуқаро Н. Соҳибова қарийб ярим аср, яъни 46 йил давомида туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасиз ҳаёт кечирди. Бир қарашда оддий ҳужжатдек туюладиган бу гувоҳнома йўқлиги унинг бутун ҳаётига таъсир кўрсатди. У на давлат хизматларидан тўлиқ фойдалана олди, на ижтимоий ҳимоя ва имтиёзлардан баҳраманд бўлди. Гўёки у жамиятда бору, лекин ҳуқуқий жиҳатдан мавжуд эмасдек эди.

– Инсон ҳаётида турли синовлар бўлади. Баъзида эътиборсизлик ёки турли сабаблар туфайли кичик бир хато катта муаммоларга айланади, – дейди Наманган вилоят адлия бошқармаси тасарруфидаги Давлатобод тумани ФҲДЁ бўлими мудири Ширин Исоқова. – Бироқ умидини сўндирмаган киши йиллар ўтиши билан барибир муаммосига ечим топади. Бўлимимиз томонидан олиб борилган ишлар натижасида ушбу масала ижобий ҳал этилди. Керакли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, аёл кишига туғилганлик гувоҳномаси тантанали равишда топширилди.
Дарҳақиқат, бу шунчаки ҳужжат берилиши эмас, инсоннинг йўқолган ҳуқуқлари қайта тиклангани, жамиятдаги ўрни мустаҳкамлангани, янги имкониятлар эшиги очилганининг ифодасидир. Эндиликда у бемалол давлат хизматларидан фойдаланиши, ўз ҳуқуқларини тўлиқ амалга ошириши мумкин.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА