Сурхондарёда энг яхши мактаблар сараланмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Термиз шаҳридаги 9-умумтаълим мактабида Президент соврини учун ўтказилаётган “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловининг вилоят босқичи бошланди.
Мазкур танлов таълим тизимида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш ҳамда ўқувчиларнинг билим даражасини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Унда эришилаётган натижалар, аввало, устозларнинг фидокорона меҳнати ва замонавий таълимга интилишининг амалий ифодасидир.
Сурхондарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот котиби Дилдора Мусаеванинг маълум қилишича, жорий йилда танловда иштирок этиш учун вилоятдаги 725 та мактабдан 3625 нафар ўқувчи рўйхатдан ўтган. Улар март ойида туман ва шаҳар босқичларида қатнашган бўлиб, вилоят босқичига 15 та жамоадан 75 нафар ўқувчи саралаб олинган.
Иштирокчилар тўртта шарт асосида ўз билим ва кўникмаларини намойиш этади. Баҳолаш маркази томонидан ҳар бир қатнашчининг натижалари кўриб чиқилади. Ғолиб жамоа танловнинг республика босқичида вилоят шарафини ҳимоя қилади.
[gallery-29199]
Танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри босқичи ғолиблари 1-ўрин учун 250 миллион сўм, 2-ўрин учун 200 миллион сўм, 3-ўрин учун 150 миллион сўм миқдорида мукофотланади. Республика босқичи ғолиблари эса мос равишда 500, 400 ва 300 миллион сўм билан тақдирланади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА