Наманган — янги тараққиёт ва бунёдкорлик манзаралари
ФОТОГАЛЕРЕЯ
Мустақиллик йилларида Наманган вилоятида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳудуд ҳаётининг барча жабҳаларида ўз ифодасини топмоқда. Янгидан қад ростлаётган иншоотлар, замонавий корхоналар, обод маҳаллалар, ўзгараётган шаҳар ва қишлоқлар, энг муҳими, меҳнати ва ташаббуси билан янгиликлар яратаётган инсонлар бугунги Наманганнинг янги қиёфасини намоён этмоқда.
Сўнгги йилларда шаҳар ва туманларда замонавий иншоотлар, янги корхона ва ишлаб чиқариш мажмуалари, ижтимоий объектлар ҳамда қулай инфратузилма барпо этилмоқда. Обод маҳаллалар, янгиланган кўчалар, замонавий турар жойлар ва хизмат кўрсатиш масканлари аҳоли учун янада қулай муҳит яратяпти.
Наманган саноат салоҳияти юқори ҳудуд сифатида иқтисодий тараққиётда муҳим ўрин тутади. Вилоятда саноатни диверсификация қилиш, замонавий технологияларга асосланган ишлаб чиқаришни кенгайтириш, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳалар амалга оширилмоқда. Янги корхоналарнинг ишга туширилиши эса иш ўринлари ва янги имкониятлар демакдир.
Тадбиркорлик муҳитининг кенгайиши ҳам ҳудуд иқтисодий ҳаётида муҳим аҳамият касб этмоқда. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакиллари янги ғоя ва ташаббуслари билан ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, экспорт ва бандлик соҳаларига муносиб ҳисса қўшмоқда.
[gallery-30966]
Вилоят иқтисодиётининг яна бир муҳим таянчи — қишлоқ хўжалиги. Ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш, интенсив боғ ва иссиқхоналар барпо этиш, маҳсулотни қайта ишлаш ҳамда сақлаш имкониятларини кенгайтириш борасидаги ишлар тармоқнинг салоҳиятини оширмоқда. Далалардаги меҳнат, етиштирилган ҳосил ва қайта ишлаш жараёнлари эса фаровонликнинг муҳим манбаларидан бирини намоён этади.
Тараққиётнинг мазмун-моҳияти инсон ҳаётидаги ўзгаришлар билан белгиланади. Шу боис таълим ва илм-фан, тиббиёт, спорт, маданият ва ижтимоий соҳалардаги янгиланишлар алоҳида аҳамиятга эга. Замонавий билим олаётган ёшлар, илм билан шуғулланаётган тадқиқотчилар, беморлар саломатлиги йўлида меҳнат қилаётган шифокорлар, спорт майдонларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга интилаётган ёшлар — Наманганнинг янги авлодини шакллантирмоқда.
Инсон қадрини юксалтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар ижтимоий ҳаётнинг турли жабҳаларида ўз ифодасини топмоқда. Аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш, касб-ҳунар ўрганиш ва меҳнат қилиш учун шароит яратиш, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар жамият ҳаётидаги муҳим ўзгаришларга замин яратмоқда.
Наманганнинг бой тарихи, миллий ҳунармандчилик анъаналари ва бетакрор табиати туризмни ривожлантириш учун ҳам кенг имкониятлар очмоқда. Чустнинг дунёга машҳур пичоқчилик ва ҳунармандлик мактаби, Янгиқўрғоннинг сўлим табиати, тарихий қадамжолар ва этнографик мерос ҳудуднинг сайёҳлик салоҳиятини янада оширмоқда. Миллий қадриятлар ва замонавий ёндашув уйғунлиги эса бу йўналишда янги истиқболларни белгиламоқда.
Бугун Наманган — саноат ва тадбиркорлик, илм-фан ва таълим, замонавий тиббиёт ва спорт, қишлоқ хўжалиги ва туризм, бунёдкорлик ва ободлик уйғунлашган тараққиёт макони. Бу жараёнларнинг барчасини бир нуқтада бирлаштириб турган куч эса инсоннинг меҳнати, ташаббуси ва эртанги кунга ишончидир.
Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида Наманган вилоятининг бугунги қиёфаси ана шундай — ўзгаришлар билан бойиган, янги имкониятларга интилаётган, салоҳиятини тобора кенг намоён этаётган ва келажак сари дадил одимлаётган замонавий ҳудуд.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА