Ўқувчининг мактаб сумкаси қанча оғирликда бўлиши керак?
Янги ўқув йилининг бошланиши аксарият ота-оналар учун болани мактабга ҳам руҳан тайёрлаш, ҳам уни мактаб учун зарур бўлган буюмлар билан таъминлаш каби муҳим жараён саналади.
Шу ўринда савол туғилади: ўқувчининг мактаб сумкаси қанча оғирликда бўлиши керак?
Олимлар ва шифокорларнинг таъкидлашича, бола кўтариши керак бўлган сумка оғирлиги унинг вазнининг 10–15 фоизидан ошмаслиги керак. Агар сумка бундан оғир бўлса, болада умуртқа поғонаси қийшайиши (сколиоз), елка ва бел оғриқлари, тез чарчаш ва диққатнинг пасайиши, нотўғри қад-қомат шаклланиши каби муаммолар юзага келиши мумкин. Айниқса, кичик ёшдаги болаларнинг суяклари ҳали тўлиқ шаклланмагани учун улар оғир юкка нисбатан жуда сезгир бўлади.
Дунё тажрибасига назар ташланса, кўплаб мамлакатларда мактаб сумкаси оғирлиги бўйича махсус меъёрлар белгиланган. Япония ва баъзи Европа давлатларида ўқувчилар учун енгил материалдан тайёрланган махсус “эргономик рюкзаклар” ишлатилади. Тадқиқотларга кўра, ҳар 3 ўқувчидан 1 таси сумка оғирлиги сабабли бел оғриғидан шикоят қилади. Замонавий мактабларда электрон дарсликлар жорий этилиши сумка оғирлигини камайтиришга ёрдам бермоқда.

Ўқувчига енгил ва мустаҳкам материал, кенг ва юмшоқ елка тасмалари, болага мос, қулай дизайн ҳамда орқа қисми юмшоқ ва нафас олишга тўсиқ бўлмайдиган сумкаларни танлаш лозим.
Ўқувчининг сумкасини енгиллаштириш масаласида мактабнинг ҳам аҳамияти катта. Дарсликларни синфда сақлаш учун жавонлар ташкил этиш, электрон таълим имкониятларидан оқилона фойдаланиш, кунлик дарс жадвали асосида фақат зарур китобларни олиб келишни йўлга қўйиш ортиқча юкни камайтириши мумкин. Ота-оналар эса фарзанди билан биргаликда сумкани мунтазам текшириб, кераксиз буюмларни олиб ташлаши, дарс жадвалига қараб китобларни саралаши мумкин.

Ҳар бир ота-она, ўқитувчи ва таълим муассасаси бу масалага эътибор қаратиб, болалар учун енгил ва хавфсиз ўқиш шароитини яратиши муҳим.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА