Наманган вилояти Экология Бош бошқармасига янги раҳбар тайинланди
Ўзбекистон Президентининг Экология масалалари бўйича маслаҳатчиси – Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раисининг 2026 йил 9 октябрдаги буйруғи билан Анваржон Адҳамович Ашуров Наманган вилояти Экология ва иқлим ўзгариши Бош бошқармаси (экополиция) бошлиғи этиб тайинланди. Олдин мазкур лавозимда Шуҳрат Максумов фаолият юритган.

Анваржон Ашуров 1988 йил 27 ноябрда Фарғона вилоятининг Қува туманида туғилган. Маълумоти олий, 2011 йили Фарғона давлат университетини тамомлаган. Меҳнат фаолияти давомида экология тизими идораларида турли масъул вазифаларда иш олиб борган. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги самарали меҳнатлари учун "Табиат ҳимоячиси" кўкрак нишони билан тақдирланган.
А. Ашуров тайинловга қадар Фарғона вилояти Экология Бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири