Мустақилликнинг 35 йиллиги: Чорбоғ шамол электр станцияси ишга туширилди
Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш ва “яшил” энергетика улушини ошириш бўйича амалий ишлар изчил давом эттирилмоқда. Бу борада Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида барпо этилган 20 МВт қувватга эга Чорбоғ шамол электр станцияси муҳим лойиҳалардан бири ҳисобланади.
Бугун, яъни 20 август куни мазкур станциянинг очилишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Унда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ раҳбарияти ва жамоаси, Тошкент вилояти ҳамда Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги, ҳудуд фаоллари ҳамда хитойлик мутасаддилар, мутахассислар иштирок этди.
Тантанали очилиш маросимида "Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Азимжон Аҳмаджонов, Бўстонлиқ тумани ҳокими Жўрабек Аҳмедов, Хитойнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь ва бошқалар сўзга чиқиб, мазкур лойиҳа Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шериклик ва амалий ҳамкорликнинг навбатдаги самарали натижаларидан бири эканини таъкидлади.

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Азимжон Аҳмаджонов қайд этганидек, лойиҳани амалга ошириш учун Хитой ҳукумати томонидан 28 миллион АҚШ доллари миқдорида беғараз грант маблағи ажратилган.

– Бугун Чорбоғ шамол электр станциясининг ишга туширилиши билан қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш йўлида яна бир муҳим қадам ташлаяпмиз. Лойиҳа доирасида замонавий технологиялар асосида 4 та шамол турбинаси ўрнатилди. Уларнинг ҳар бири 5 МВт қувватга эга бўлиб, станциянинг умумий қуввати 20 МВтни ташкил этади.
Бу лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати эса станция йилига 50 миллион кВт·соатгача экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга. Бу қарийб 20 мингта хонадоннинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини таъминлаш имконини беради. Энг муҳими, шамол энергиясидан фойдаланиш туфайли анъанавий ёқилғи ресурсларини тежаш ва энергетика тизимига қўшимча экологик тоза электр энергияси етказиб бериш имконияти яратилади.
–Биз “Ўзбекгидроэнерго” АЖ сифатида қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришни стратегик вазифалардан бири сифатида кўрамиз. Чорбоғ шамол электр станцияси ҳам шу йўналишдаги амалий ишларимизнинг муҳим натижаларидан биридир. Келгусида бундай лойиҳаларни янада кўпайтириш ва замонавий технологияларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратамиз, – деди А.Аҳмаджонов.
Станция қурилиши ва уни ишга тушириш жараёнида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан зарур ташкилий, техник ва муҳандислик ишлари амалга оширилди. Қурилиш-монтаж ишлари, муҳандислик инфратузилмасини тайёрлаш, электр тармоқларига улаш ҳамда замонавий шамол турбиналарини ўрнатиш ишлари белгиланган тартибда якунланди.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, шамол энергиясидан фойдаланиш электр ишлаб чиқаришда анъанавий ёқилғи ресурсларига бўлган эҳтиёжни камайтиришга ҳам хизмат қилади. Хусусан, станция ишга тушиши натижасида ҳар йили катта миқдорда табиий газ ва кўмир тежалиши, атмосферага чиқариладиган иссиқхона газлари ҳажмининг қисқариши кутиляпти. Бу эса қайта тикланувчи энергия манбаларини кенгайтириш, углерод чиқиндиларини камайтириш ва экологик барқарорликни таъминлашда муҳим омилдир.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА