Электр тармоқларида йўқотишлар қандай камайтирилади?
Фанлар академияси олимларидан янги ташаббус.
«Энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги Қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда, Фанлар академияси Энергетика муаммолари институти олимлари ва тадқиқотчилари томонидан муҳим тадқиқот ўтказилди.
Жиззах магистраль электр тармоқлари филиалининг 110/10 кВ «Чилонзор» подстанциясида олиб борилган изланишлар давомида электр тармоғидаги йўқотишлар даражаси, трансформатор юкланиш режими, реактив қувват балансининг ҳолати ҳамда изоляция ресурсининг эскириш кўрсаткичлари чуқур таҳлил қилинди.
Тадқиқотлар натижасида бир қатор илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқилди. Хусусан, реактив қувватни компенсацияловчи қурилмаларни ўрнатиш орқали қувват коэффициенти кўрсаткичини меъёрий даражага яқинлаштириш, SCADA тизими асосида масофадан бошқариш ва реал вақт режимида назорат қилиш имкониятларини жорий этиш, шунингдек, юклама графигини оптималлаштириш мақсадида истеъмол профилини рақамли моделлаштириш шулар жумласидандир.


Ушбу илмий асосланган ечимларнинг амалиётга жорий этилиши техник йўқотишларни сезиларли даражада камайтириш, электр таъминоти ишончлилигини ошириш ҳамда мамлакат энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишига хизмат қилади.
ЎзА