Мурожаатларга ечим изланди
Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати инспекцияси раҳбари Сирожиддин Эшқувватов иштирокида сайёр қабул ташкил этилди. Ушбу қабул аҳоли билан очиқ мулоқотни таъминлаш, мавжуд муаммоларни жойида ҳал этиш мақсадида ўтказилди.
Қабул жараёнида юридик ва жисмоний шахсларнинг қурилиш соҳаси, кўп квартирали уй-жой фондига хизмат кўрсатиш, коммунал хизматлар, шунингдек ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тизимлари билан боғлиқ мурожаатлари атрофлича ўрганилди.
Мазкур сайёр қабул доирасида 40 дан ортиқ мурожаат атрофлича кўриб чиқилди. Ҳар бир мурожаат юзасидан амалдаги қонунчилик талаблари асосида ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, муаммоларни бартараф этиш бўйича чоралар белгиланди. Жумладан, қурилиш ишларида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича пудрат ташкилотларига тегишли кўрсатмалар берилди. Коммунал хизматлар сифатига оид шикоятлар юзасидан эса масъул ташкилотларга аниқ вазифалар юклатилди.
– Яшаётган уйимиз олдидан болалар майдончаси қуриб беришни сўраб мурожаат қилдим, – дейди Навоий шаҳридаги Жанубий кўчаси 13-уйда истиқомат қилувчи Нигора Рустамова. – Мурожаатим ҳудудий инспекция ходимлари томонидан жойига чиқиб ўрганилди. Дастурга киритилган экан. Жорий йил якунига қадар болалар майдончаси қуриб берилиши маълум қилинди.
[gallery-29130]
– Мен эса кўчамиздаги аксарият кўп қаватли уйларнинг коммуникация тизимлари эскирганлиги юзасидан мурожаат қилдим, – дейди Навоий кўчаси 48-уйда яшовчи Ўткир Тўхтасинов. – Мурожаатим юзасидан ўрганиш ўтказилиб, бошқарув сервис компанияси томонидан коммуникация тизимларини алмаштириш ишлари бошлаб юборилди. Кўп қаватли уйда яшовчилар хурсанд бўлди.
Сайёр қабулда қўшимча ўрганиш талаб этиладиган мурожаатлар назоратга олиниб, улар бўйича масъулларга топшириқлар берилди. Бу эса аҳоли муаммоларига тезкор ва самарали ечим топишга хизмат қилади.
А. Бўриев, С. Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари