Бир кунда 11 та таълим муассасасига ташриф
Бугунги кунда мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳар бир ҳудуд, ҳар бир таълим муассасаси фаолиятида ўзининг амалий ифодасини топмоқда. Хусусан, жойларга чиқиб ишлаш, тизимдаги муаммоларни жойида ўрганиш ва ёшлар билан бевосита мулоқот қилиш ҳар бир раҳбар олдига қўйилаётган устувор вазифалардан биридир.
Навоий вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Раъно Ҳайитова Конимех туманида бўлиб, “Пайшанба – ёшлар куни” доирасида 11 та мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларда тарбияланувчи ва ўқувчилари билан учрашди.

Ташриф тумандаги 16-сонли умумтаълим мактабида ўқувчи-ёшлар билан очиқ мулоқотдан бошланди. Шунингдек, бошқарма бошлиғи 8-, 13-, 14-, 16-, 24-, 28-, 34-сонли мактабларда бўлиб, битирувчи ёшлар билан суҳбатлашди. Учрашувларда мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган имкониятлар, таълим тизимидаги ўзгаришлар, олий таълимга киришдаги ислоҳотлар ҳамда халқаро университетларда таҳсил олиш истиқболлари ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.

Хусусан, сўнгги йилларда жорий этилган ташаббуслар, жумладан, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим дастурлар уларнинг келажак режаларини аниқ белгилаб олишда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди. Шунингдек, фанларни чуқур ўзлаштириш, хорижий тилларни билиш ва халқаро сертификатларга эга бўлишнинг аҳамияти алоҳида қайд этилди.

Ёшларнинг маънавий камолоти ҳам ислоҳотларнинг ажралмас қисми сифатида қаралаётгани боис, учрашувларда китобхонлик маданиятини ошириш, хусусан, “TOP-100 китоб” лойиҳаси доирасида фикр алмашилди. Бу эса ўқувчиларда нафақат билим, балки маънавий етукликни ҳам шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Ташриф давомида мактабгача таълим тизими ҳам эътибордан четда қолмади. 3-, 12-, 14-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотларида яратилган шароитлар, болаларнинг соғлом овқатланиши, тарбиявий муҳит ва санитария ҳолати ўрганилди. Масъулларга таълим сифати ва самарадорликни ошириш юзасидан аниқ тавсиялар берилди.

Бошқарма бошлиғи бир кунда қарийб 750 километрдан ортиқ масофани босиб ўтди. Бу таълимга бўлган юксак эътибор, ёшлар келажагига қаратилган амалий ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир.
Бугунги ислоҳотлар нафақат қоғозда, балки ана шундай амалий ташаббуслар орқали ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани билан аҳамиятлидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири