"Мультииндикатор кластер кузатуви" аҳолига нима беради?
Ўзбекистонда инсон капиталини ривожлантириш, айниқса, аҳолининг энг муҳим қатламлари бўлмиш хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда уларнинг турмуш фаровонлигини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий ислоҳотларнинг самарадорлигини холис баҳолаш ва келгуси ривожланиш стратегияларини белгилаш эса халқаро андозаларга мос келувчи, аниқ ва ишончли статистик маълумотларга таянади.
Шу мақсадда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2026 йил 9 октябрда «2027–2028 йилларда Ўзбекистон Республикасида мультииндикатор кластер кузатувини ўтказиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Ушбу муҳим ҳужжат БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) томонидан ишлаб чиқилган глобал «Multiple Indicator Cluster Survey» (MICS) дастурининг 7-давраси талаблари асосида юртимизда навбатдаги йирик ижтимоий-демографик тадқиқотни ўтказишга ҳуқуқий ва ташкилий асос яратди. Хўш, бу кузатув оддий оилага қандай фойда келтиради?
Тошкент давлат юридик университети илмий ходими Жавоҳир Эшонқулов бу борада қуйидагича тушунча берди:
–Кузатув орқали болалар ва аёллар ҳаётига оид маълумотлар хонадонларда ўтказиладиган сўровлар асосида ўрганилади. Фараз қилайлик, сўров натижасида айрим ҳудудларда оилалар ичимлик сувидан фойдаланишда қийналаётгани ёки болалар учун тиббий ва таълим хизматларидан фойдаланиш имконияти етарли эмаслиги аниқланади. Бундай маълумотлар муаммо қаерда кўпроқ учрашини кўрсатади. Натижада масъул идоралар ўз чораларини айнан шу эҳтиёжларни ҳисобга олиб режалаштириши мумкин.
Бу фақат умумий мақсад эмас. Қарорнинг 12-бандида соғлиқни сақлаш, таълим, бандлик, ижтимоий ҳимоя ҳамда оила ва хотин-қизлар соҳасидаги масъул идораларга кузатув натижалари асосида комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси юкланган. Шу билан бирга, сўровда қатнашишнинг ўзи оилага нафақа ёки пул тўлови тайинланишини англатмайди.
Сўровда қатнашган оиланинг маълумотлари қандай ҳимоя қилинади? Қарорнинг 4-бандига кўра, хонадонлар тасодифий танлаб олинади. Сўров юзма-юз суҳбат орқали ўтказилиб, жавоблар планшетга киритилади. Миллий статистика қўмитаси шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиши ва кузатув маълумотларининг махфийлигини таъминлаши керак.
Қарорнинг 9-бандида тиббий маълумотлардан фақат статистика мақсадида, зарур ҳажмда ва қонунчилик талабларига риоя этган ҳолда фойдаланиш белгиланган. 10-бандга мувофиқ, кузатувни ташкил этишга кўмаклашувчи идоралар хонадонлар билан ўтказиладиган сўровларга бевосита аралаша олмайди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА