Янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган олима ва талаба қизлар
Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, айниқса, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда Андижон давлат педагогика институтида фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчиларнинг, таҳсил олаётган талаба ва магистрларнинг кўпчилигини хотин-қизлар ташкил этади. Уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, интеллектуал салоҳияти, иқтидорини тўлақонли юзага чиқариш, айниқса, ҳар бир талаба-қизга индивидуал ёндашиш ҳамда зарур ҳолларда манзилли ёрдам кўрсатиш институт ректорати, Хотин-қизлар маслаҳат кенгаши фаолиятнинг асосий мезонига айланган.
Институт ректори, профессор Бахтиёржон Расулов раҳбарлигида хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг таълим олиши, илмий салоҳиятини рўёбга чиқариши ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилган.
– Институтда иш юритаётган профессор-ўқитувчи аёллар, шунингдек, талаба-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, жамиятда муносиб ўрин эгаллашига кўмаклашиш, гендер тенглигини таъминлаш, уларнинг ташаббус ва таклифларини қўллаб-қувватлаш энг асосий вазифамиз, – дейди институтнинг хотин-қизлар масалалари бўйича ректор маслаҳатчиси Гуландон Ғаниева. – Бу борада институт Хотин-қизлар маслаҳат кенгаши, мутасаддилар, фаол ва етакчи опа-сингиллар самарали иш олиб бормоқда. Жумладан, қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, уларнинг муаммоларига ўз вақтида ечим топиш, мурожаатчиларга ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, энг асосийси, уларнинг чуқур билимли, малакали мутахассис бўлиб етишишига кўмаклашиш, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва манзилли ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилган.


Ҳозирда институтда 1 минг 362 нафар оилали, 724 нафар фарзандли, 121 нафар ногиронлиги бўлган ҳамда 61 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож талаба таҳсил олади. Шунингдек, 64 нафар, жумладан, 33 нафар чин етим, 31 нафар Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси бўлган талаба алоҳида эътиборга олинган. Уларнинг таълим олиши, ижтимоий мослашуви ва кундалик ҳаётида дуч келиши мумкин бўлган қийинчиликларни бартараф этиш бўйича зарур барча ишлар олиб борилмоқда.
Институт талаба-қизларининг илм-фан, таълим ва ижтимоий ҳаётдаги ютуқлари алоҳида эътирофга лойиқ. Билими, ташаббускорлиги ва жамоат ишларидаги фаоллиги билан тенгдошларига намуна бўлаётган қизлар сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бугун уларнинг сафида ўнлаб номдор стипендиялар совриндорлари, Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибалари ҳам бор.
Жорий йилда институтнинг икки нафар вакиласи - 1-босқич магистранти Муслима Абдуқаҳҳорова ҳамда мусиқий таълим ва санъат йўналиши 1-босқич талабаси Моҳларой Умурзоқова Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори бўлганлиги алоҳида эътирофга муносиб.
– Бугун юртимизда биз ёшлар учун кенг имкониятлар эшиги очилган, – дейди Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси, институт мусиқий таълим ва санъат йўналиши талабаси Моҳларой Умрзоқова. – Ана шу имкониятлардан унумли фойдаланган минглаб тенгдошларим, дугоналарим турли йўналишларда юксак натижаларга эришмоқда. Мен ҳам юртимиздаги ҳар бир қиз иштирок этишни, ғолиб бўлишни орзу қиладиган Зулфия номидаги давлат мукофот танловининг санъат йўналишида ғолиблар қаторидан ўрин олдим. Бу ютуқлар юртимизда, қолаверса, институтимизда ёшларга яратиб берилган кенг имкониятлар мевасидир. Ана шу имкониятлар, ёшлар камолотига эътибор учун энг аввало, Президентимизга раҳмат айтаман. Келгусида юртбошимизнинг эътибор ва ишончига муносиб бўлишга сўз бераман.


Институт талаба-қизлари спорт соҳасида ҳам муносиб натижаларга эришиб келмоқда. Айниқса, институт аёллар волейбол жамоаси ҳамда енгил атлетикачи талаба Дилшода Усмонова юқори натижаларни қўлга киритди.
Талаба-қизларнинг хавфсиз, қулай ва муносиб шароитларда таҳсил олиши ҳамда яшаши институт раҳбариятининг доимий эътиборида. Жумладан, ижарада яшовчи 578 нафар ва яқин қариндошлари хонадонида истиқомат қилувчи 175 нафар талаба-қизнинг яшаш шароитлари факультет декан маслаҳатчилари ва тюторлар томонидан тизимли равишда ўрганиб борилмоқда.
– Институт масъуллари томонидан 60 дан ортиқ ижара хонадонлари ўрганилиб, улардаги хавфсизлик, санитария-гигиена ҳолати ҳамда зарур маиший шароитларнинг мавжудлиги назоратга олинган, – дейди Гуландон Ғаниева. – Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ногиронлиги бўлган талабаларнинг талабалар турар жойлари ҳамда ижара хонадонларида яшаши учун шароит яратиш, уларнинг кундалик эҳтиёжларини ўрганиш ва зарур кўмак кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Талаба ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш ҳамда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш мақсадида институтда ҳуқуқий тарғибот тадбирлари, мулоқот, семинар ва профилактик учрашувлар доимий равишда ўтказиб борилади.


«Ҳуқуқий билимдонлик» тадбирлари доирасида талаба-қизларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлиги бойитиб борилмоқда. Бундан ташқари, хотин-қизлар инспектори томонидан ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, турли низоли вазиятларни барвақт аниқлаш ва профилактик чораларни амалга ошириш бўйича ҳам зарур ишлар олиб борилмоқда.
Талаба-қизларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларнинг қобилиятларини ривожлантириш, касб-ҳунар ва лидерлик кўникмаларини шакллантириш мақсадида институтда турли йўналишларда клуб ва тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган.
«Қизларжон», «Лидер қизлар» клублари ташаббускорлигини ошириш, жамоада ишлаш, етакчилик қобилиятини ривожлантириш ва ижтимоий лойиҳаларда фаол қатнашишига кўмаклашмоқда. «Арт-дизайн ва технология», «Моҳир қўллар», «Нафосатли бекажон» тўгараклари эса уларнинг ижодий қобилиятларини юзага чиқариш, амалий кўникмаларини ривожлантириш ва касбий тайёргарлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Илмий изланишлар олиб бораётган талаба-қизлар учун, ташкил этилаётган «Academic Writing» машғулотлари академик ёзув, илмий фикрни изчил баён қилиш ва тадқиқот натижаларини халқаро илмий талабларга мувофиқ ифодалаш кўникмаларини ривожлантиришга ёрдам бермоқда.

Бир сўз билан айтганда, Андижон давлат педагогика институти талаба-қизлари, олима аёллари илм-фан, таълим, спорт, маънавият ва жамоат ҳаётида фаол иштироки, қолаверса, эришаётган ютуқлари, юқори натижалари билан юртимиз ривожи, Янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири