МИБ раҳбари ёшларнинг ташаббус ва мурожаатларини тинглади
Мамлакатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 24 февралида “Кўксарой” қароргоҳида ёшлар билан ўтказган учрашувида берилган топшириққа кўра, республикамиз бўйлаб ҳафтанинг ҳар пайшанбасида “Ёшлар куни” ўтказилмоқда. Бунда ёшлар билан очиқ мулоқотларни йўлга қўйиш, уларнинг таклиф-ташаббуслари, мурожаатларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, Наманганда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси бошлиғи Бекзод Мирзааҳмедов иштирокида “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” ташкил этилиб, унга Наманган давлат университети юридик факультети талабалари таклиф қилинди.

Учрашув давомида ёшлар соҳадаги ислоҳотлар, қонунчиликдаги янгиликлар ҳамда амалиётда учраётган масалалар юзасидан фикр алмашилди. Қолаверса, ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди. Айниқса, талабаларнинг таклиф-ташаббусларини тинглаш, уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган очиқ мулоқот самарали ўтди.
Шунингдек, тадбир доирасида ёшларда экологик маданиятни шакллантириш мақсадида тарғибот ишлари олиб борилди. Ҳар бир кўча, ҳар бир уйда кўчат экиш одатини тарғиб қилишга қаратилган махсус видеороликлар намойиш этилди.

Бундай учрашувлар ёшларнинг ҳуқуқий онги ва фаоллигини ошириш, уларни жамият ҳаётида фаол иштирок этишга ундашда муҳим аҳамият касб этади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА