Тактик ўқув машғулоти
Сирдарё вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбарлигида “Фуқаро муҳофазаси ойлиги” доирасида “Ўзтрансгаз” АЖ Ғаллаорол МГҚБга қарашли Янгиер 3Б-КС саноат майдонида махсус тактик ўқув машқи ташкил этилди.
Мазкур машғулот фавқулодда вазиятлар юзага келганда тезкор хизматларнинг тайёргарлик даражасини ошириш, ҳамкор ташкилотлар билан ўзаро мувофиқ ҳаракат қилиш кўникмаларини мустаҳкамлаш ҳамда реал вазиятга яқин шароитда амалий ҳаракатларни синовдан ўтказиш мақсадида ўтказилди.

Ўқув машқи давомида шартли равишда юзага келган ёнғин ҳолати сценарийси асосида тезкор хизматлар жалб этилди. Уларнинг ҳодиса жойига етиб бориши, вазиятни тезкор баҳолаши, ёнғинни бартараф этиш ва эҳтимолий жабрланганларни қутқариш бўйича амалий ҳаракатлари босқичма-босқич синовдан ўтказилди.

Жараёнда қутқарув хизматлари, ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари ҳамда тегишли ҳамкор ташкилотлар ўртасидаги ўзаро мувофиқлаштирилган ҳаракатлар алоҳида баҳоланди. Шунингдек, иштирокчи куч ва воситаларнинг тайёргарлик даражаси, тезкор қарор қабул қилиш қобилияти ҳамда амалий ҳаракатлар самарадорлиги таҳлил қилинди.

– Бундай махсус-тактик ўқув машқлари фавқулодда вазиятларда тезкор ва самарали ҳаракат қилиш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ҳамда идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Сирдарё вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходими капитан Даврон Сулаймонов.
Ғулом Примов, ЎзА