МИБ: муаммо ечим топди
Қорақалпоғистон Республикаси Фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судининг қарорларига асосан жавобгар “UJQC” масъулияти чекланган жамиятидан 19 нафар ишчи ходимнинг 517 миллион сўм ойлик иш ҳақини ундириш белгиланган.
Шунга қарамасдан, жавобгар масъулияти чекланган жамият томонидан ушбу суд қарорлари ижроси таъминланмаган ва ишчиларнинг иш ҳақлари тўлаб берилмаган. Ишчи ходимлар суд қарорларига асосан чиқарилган ижро варақаларнинг ижросини таъминлаб беришни сўраб, Мажбурий ижро бюроси Нукус шаҳар бўлимига мурожаат қилди ва бўлим томонидан ижро иши қўзғатилиб, ҳаракатга киришилди.
Хусусан, бўлим давлат ижрочиси томонидан жавобгар “UJQC” масъулияти чекланган жамиятининг бош ҳисобчисига ҳужжат ижроси 15 кунлик муддат ичида таъминланиши лозимлиги, ижросини таъминламаслик жавобгарликка тортишга ва мажбурий ижро ҳаракатларига киришишга асос бўлиши ҳақида бир неча маротаба огоҳлантирилди.
Ташкилотнинг асосий банк ҳисоб рақамлари хатловга олиниб, қарздорнинг номида аниқланган 2 та автотранспорт воситаси хатловга олинди ва сотувга чиқарилган. Натижада, жорий йилнинг 31 март куни 13 нафар ишчининг 517 миллион сўмлик иш ҳақлари тўлиғи билан ундириб берилди.
Бундан ташқари, бўлим иш юритувидаги ушбу жамиятдан давлат бюджети фойдасига жами 401,4 миллион сўм солиқ қарздорлиги ва давлат божлари, шунингдек, 3 та юридик шахс фойдасига 311 миллион сўмлик қарзнинг ундирилиши таъминланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.