Онгли равишда амалга оширилган жиноий ҳаракатлар
Мансаб — имтиёз эмас, масъулият. Аммо айрим ҳолатлар шуни кўрсатмоқдаки, баъзи мансабдорлар бу оддий ҳақиқатни унутиб, хизмат ваколатини шахсий манфаат йўлида фойдаланишга йўл қўйишмоқда.
Жиззах вилоятининг Дўстлик тумани кадастр бўлимининг собиқ бошлиғи Ш.Мамасодиқов билан боғлиқ ҳолат бунинг яққол исботидир. У ўз касбий билими ва тизим имкониятларини қонуний фаолият учун эмас, балки ноқонуний мақсадлар йўлида қўллаган.
Аниқланишича, у Зомин тумани “Дуоба” маҳалласи ҳудудидан 2500 квадрат метр ер майдонини асоссиз равишда эгаллаб олган. Бу билан чекланиб қолмай, замонавий технологиялардан фойдаланиб, ҳоким қарорларига ноқонуний аралашган: 2021 йилда қабул қилинган қарорга ўзгартириш киритиб, гўё мазкур ер майдони унга умрбод фойдаланиш учун ажратилгани ҳақида сохта ҳужжат тайёрлаган.
Бу ерда гап оддий қонунбузарлик ҳақида эмас, балки тизимли сохтакорлик ҳақида бормоқда. Ҳокимлик муҳрининг қалбаки тайёрланиши, мансабдор шахслар имзоларининг сохталаштирилиши, электрон платформалар орқали сохта маълумотларни расмий айланмага киритиш — буларнинг барчаси бир шахс томонидан онгли равишда амалга оширилган жиноий ҳаракатлардир.
Энг ачинарлиси, бу ҳаракатлар рақамли тизимларга ишончни сусайтириши мумкин. Ахир электрон давлат хизматлари шаффофлик ва адолатни таъминлаш учун жорий этилган эди. Агар бу имкониятлар қалбаки ҳужжатларни “қонунийлаштириш” воситасига айланса, тизимнинг ўзига путур етади.
Кейинчалик ушбу ер майдони бошқа шахсга 10 минг АҚШ долларига сотилган. Суд жараёнида бу ҳолатни “совға” сифатида изоҳлашга уринишлар бўлган бўлса-да, йиғилган далиллар воқеликни тўлиқ очиб берди.
Пахтакор туман суди томонидан иш ҳар томонлама кўриб чиқилиб, Ш.Мамасодиқов Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилди. Унга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди ҳамда маълум муддатга мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди.
Бу воқеа бир ҳақиқатни яна бир бор эслатади: қонунни четлаб ўтиш орқали қўлга киритилган ҳар қандай “ютуқ” вақтинчадир. Адолат эса кечикса-да, албатта қарор топади.
Энг муҳими, бундай ҳолатлардан тўғри хулоса чиқариш зарур. Кадастр ва бошқа стратегик тизимларда ички назоратни кучайтириш, рақамли хавфсизликни мустаҳкамлаш ва мансабдорларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш — бугунги куннинг долзарб вазифасидир.
Зеро, ер — халқ бойлиги. У билан боғлиқ ҳар қандай ноқонуний ҳаракат эса жамият манфаатларига қарши қаратилган жиддий таҳдиддир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири